Уруш бошланиши арафасида Россия олтин-валюта захираларининг фақат 21,5%и унинг назоратида бўлган
Кеча Россия Марказий банки раиси Набиуллина Госдума олдида ҳисобот берган. Ҳисоботда айрим қизиқ маълумотлар келтирилган.
Уруш бошланиши арафасида Россия олтин-валюта захираларининг 33,9%и еврода, 10,9%и долларда, 17,1%и юанда бўлган. Физик жиҳатдан жами захираларнинг 21,5%ини ташкил этувчи олтин Россия Марказий банки омборхоналарида сақланган, лекин қолган барча активларнинг сақланиши хорижий банклар ва депозитарийлар назоратида қолган. Айни дамда блокланмаган активларнинг 45%дан зиёди юанда ёки Хитой назорати остида. Шу маънода Россиянинг Хитойга қарамлиги кун сайин ошаётганидан ҳайрон бўлмаслик керак.
Урушдан аввалги ҳолатга Россиянинг 480 млрд.долларлик ташқи қарзи бўлган, бунинг қарийб 80%и хусусий дейиладиган секторга, амалда давлат компаниялари ёки давлатга яқин структураларнинг қарзи ҳисобланади (таниш манзара, шундай эмасми?). Шу маънода қарзларни сўндиришда энг катта қийинчиликларга РЖД, Роснефть, Лукойл, банклар дуч келаётгани табиий. Биринчи дефолтга учраган компания ҳам, кеча ёзганимиздек РЖД бўлди.