Ҳар молия йилини триллионлаб зарар билан якунлаётган Ўзтрансгаз яна юзмиллионлаб доллар кредит олмоқчи
2016 йилгача, гарчи давлат назоратида бўлсада, бўйнига футбол клублари, миллиардлаб ҳомийликлар илинганига қарамай, Ўзтрансгаз республиканинг фойда келтирадиган энг рентабелли компаниялардан бўлган.
2017 йилдан кейин вазият кескин ўзгарган. Ўзтрансгаз ўзига хос пулли канализацияга, соҳадаги зарарлар йиғиладиган дренаж бассейнига айлантирилди. Триллионлаб Фойда унгача ва ундан кейин турувчи ўртамчи хусусий чўнтакларга, Триллионлаб зарар эса Ўзтрансгазга жамланадиган гибрид тизим яратилди.
2016 йилни 1,8 трлн сўм фойда билан йилни ёпган Ўзтрансгазнинг 2017 йилдан буён олган зарарларига эътибор қилинг:
2017 йил - 1 трлн.сўм (Миллий Стандартлар бўйича)
2018 йил - 4,4 трлн.сўм (Халқаро - МҲХС бўйича);
2019 йил - 4,7 трлн.сўм (МҲХС бўйича);
2020 йил - 3,5 трлн.сўм (МС бўйича);
2021 йил - 2,5 трлн.сўм (МС бўйича).
Энди зарарлар йиғиладиган конторага айлантирилган Ўзтрансгаз бошқа бир давлат банки Миллий банкдан 200 миллион доллар кредит олмоқчи ва бу масала 25 минутлик мажлисда ҳал бўлган. Буям майли, қўшимчасига Ўзтрансгаз санкциялар остига тушган Газпромбанкдан олинган 300 миллион долларлик кредит муддатини узайтириб, устига яна 57,5 миллион доллар кредит олмоқчи. Олинаётган кредитларнинг кафолатига газ экспорти шартномалари бўйича келажакда тушадиган пул маблағлари гаровга қўйилмоқда.
Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви қанчалар зиёнли эканини, бизни қанақадир пандемия ё урушлар эмас, шундай ёндашув ва сиёсий қарорлар камбағаллаштираётганини ўзингизга тасаввур этдингизми?
Ўзтрансгаз охирги 5 йилда 16,1 триллион сўмдан ортиқ зарар кўрган, иқтисодиёт қонунларига кўра қаердадир камида 16,1 триллион сўмлик фойда олганлар ҳам бор (юқоридаги битимдан мақсад ҳам катта эҳтимол шундай). Мен ўйлайманки. сизда уларнинг кимлар экани ҳақида етарли гумонларингиз мавжуд. Гумонларингиз бу эпохада ҳужжатли тасдиқланадими ёки келгуси эпохадами, ҳозирча бир нима дея олмайман.