Ўзбек банклари санкциялар остидаги рус ва беларусь банклари тўғрисида мижозларини огоҳлантиришни бошладилар
Айрим банклар эҳтимолий рискларни инобатга олиб ўз хоҳишлари билан март ойининг бошидаёқ бу ҳақда мижозларини огоҳлантиришни бошлаганди, лекин бир неча кун давомида бундай огоҳлантиришлар банклар сайтларидан олиб ташланганди.
Энди регуляторнинг ўзи тижорат банкларига ташқи савдо транзакцияларини амалга оширишда санкциялар остидаги банклар тўғрисида мижозларини огоҳлантириш вазифасини қўймоқда.
Тижорат банклари риск сиёсати ва эҳтимолий оқибатлар ўлчовларидан келиб чиқиб, санкциялар рўйхатидаги банклар билан муносабатлар чегараларини белгилаб олишлари ва бу ҳақдаги маълумотларни корпоратив сайтларда жойлашлари энг маъқул йўл ҳисобланади.
Ҳозирча бундай очиқ чораларни Ипак йўли банки ва КДБ банки амалга оширган.
Банклар учун ҳам, банкларнинг мижозлари учун ҳам энг ёмон оқибатлар бу иккиламчи санкциялар исканжасига тушиб қолиш ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушган субъектлар учун санкцион режимдан чиқишга йиллар кетади.