Яна сув масаласида: масъулият икки томонлама бўлади
Юқоридаги постда видеоҳаволада келтирилган сувсизлик ҳолати бир муаммо бўлса, узлуксиз сув таъминоти мавжуд ҳудудларда тўловсизлик муаммосининг кўлами ундан кам эмас. Айтиш керакки, бири иккинчисига жуда ҳам боғлиқ. Балки бир-бирининг ҳосиласи ҳам.
Жуда кўпчиликда, айниқса ичимлик суви таъминоти янгитдан йўлга қўйилаётган массивлар аҳолисида "сувга ҳам пул тўланадими" деган нотўғри қарашлар шаклланган.
Ҳар қандай товар ва хизмат каби сувнинг ҳам таннархи бўлиб, сувни ҳавзаларга тўплаш ё қудуқлардан чиқариш, тозалаш, етказиш, тақсимлаш - ҳаммаси пул туради. Сув таъминотида электр энергияси харажатининг ўрни жуда юқори.
Бундан 2,5 йил аввал сув таъминоти бўйича қарздорлик 500 млрд.сўмдан ортиқ экани айтилганди. Ҳозир қарздорлик миқдори қанчага етганини тасаввур қилиш қийин. Бу орада сувга тўловларни МИБ томонидан мажбурий ундирилиши тўхтатилди.
Агар лозим даражада тўловлар бўлмаса, истеъмолчиларнинг шахсий ва биргаликдаги масъулияти шаклланмаса, ичимлик суви билан таъминланган ва таъминланаётган ҳудудларда бир муддат ўтиб эксплуатация, техник таъминот, ремонт ишларининг деградацияси бошланади. Қарабсизки, кўп ўтмайди, миллиардлаб сарфланиб сув етказилган жойларда ҳам яна сув таъминоти тизими ишдан чиқа бошлайди.
Биз барқарор иқтисодий ўсиш давом этиши учун газ ва электр энергияси бўйича бозор принципларига ўтиш ҳақида, тарифларни эркинлаштириш борасида кўп қайғурамиз. Лекин сув бўйича бозор муносабатларига ўтиш масаласига келганида негадир сукут сақлашга ўрганганмиз. Чунки бу қарсак ё олқиш келтирмайди.
10, 20, 30 йилдан кейин минтақа ва мамлакатимизни сув билан боғлиқ кутаётган ёқимсиз истиқболларни инобатга олиб, сув таъминотида ҳам бозор муносабатларига тезроқ кириб боришимиз зарур. Сув ўзини ўзи тежаб, авайлаб қололмайди. Бу масалада популизмдан ҳам ёмон оқибатларни истеъмолчиларнинг масъулиятсизлиги - люмпенлашуви яратади.
Ҳа, айтгандай. Биламан, газга, электрга пулни вақтида тўлашга ўтдингиз. Чунки тўламасангиз ўчади. Сувга-чи? Сувга қачон охирги марта пул тўладингиз?
@the_bakiroo