Ёмон алоқа Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган
Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб сафарга чиққан ватандош борки, икки нарсадан шикоят қилади: ёмон йўллардан ва ёмон алоқадан.
Ўзбекистонни энг асосий йўли бўлган Катта ўзбек тракти ҳам истисно эмас. Ҳозирги замонда йўл ва интернет ўзаро боғланган. Интернет алоқаси бўлса кифоя, ҳар қандай манзилни осон топасиз ва осон етасиз. Лекин алоқа дабдала бўлса-чи?
Тошкент- Термиз йўли мураккаб рельеф ё табиий тўсиқлардан иборат эмас. Лекин нега алоқа ёмон, мен тушунмайман. Чегара туманларда қўшни давлатлар сим картасини ишлатишга-ку кўникиб қолдик.
Одатда давлат раҳбари бирон манзилга ташриф билан борса, ўша манзилда асфальт пайдо бўлади, ҳатто йўқ уяли алоқа пайдо бўлади.
Балки давлат раҳбари Катта ўзбек тракти бўйлаб ташрифга чиқиши керакдир, зора нимадир яхшиланса. Чунки уяли алоқа компаниялари ўзи истаклари билан алоқа сифатини яхшилашига ишониш жудаям қийин.