Ўзбек ва қирғиз статистикасининг фарқи статистиканинг кимга хизмат қилишида
Қирғизистон расмий статистикасига кўра, 2022 йил январь-апрель ойларида Ўзбекистонга 43 та от, 8 919та қорамол ва 92 385 бош қўй-эчки экспорт қилинган. Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда қорамол экспорти 35 баробарга, қўй-эчки экспорти эса нақ 143 баробарга кўпайган.
Тирик ҳайвонларнинг бундай юқори даражада Ўзбекистонга кириб келиши бўйича ахборотга дуч келган иқтисодчи нима қилади? Ўлманг, дарҳол, солиштириш учун ўзимизнинг миллий статистикамиз маълумотларига мурожаат қилинади.
Лекин афсуски, ўзбек статистикаси ташқи иқтисодий фаолият, экспорт ва импорт бўйича товар/мамлакат, ўлчов бирлиги қирқимида маълумот бермайди. Балки маълумот йиғар, лекин тарқатмайди. шунақа примитив, юзаки, фақат чиройли рақамлар ва ўсишни кўрсатадиган статистикамиз бор. На бизнесга ва тўғри қарор учун иқтисодий кузатувларга ёрдам беради. Очиқлик, шаффофлик, чуқурлик ҳақида бонг урадиган статистларимиз ҳеч қурса Қирғизистон, Қозоғистон даражасига етиб олса бўларди.
Олдин ҳам айтганман, нега бизда чуқур статистика очиқланмайди, деган саволга ўзимнинг хусусий жавобим бор. Чунки масалан, товар, хизмат номи, ўлчов бирлиги ва мамлакат қирқимида чуқур статистика юритилса, бу маълумотларни солиштириб минглаб ноқулай саволларни бериш мумкин бўлиб қолади. Айниқса, масалан қўшни мамлакатларга қўшиб ёзиладиган экспорт ҳақида. Импорт масаласидаям А товарни Б товар деб олиб кираётган чўнтак импортчиларга кўплаб саволлар юзага қалқишни бошлайди.
Дарвоқе, сифатли ва чуқур статистика доим тўғри қарорлар ва хулосалар қилишга ёрдам беради. Бизнесгаям, ҳукуматгаям. Мана қирғиз қардошлар ўзларида гўшт нархи ошиб кетаётганини айнан Ўзбекистонга тирик жонлиқ экспорти кескин ўсгани билан боғлашмоқда.