Қирғиз банклари пул ўтказмаларини тўхтатишмоқда ва чекловлар киритмоқда. Марказий осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш вақти етмадими?
Нақд валюта етишмовчилиги туфайли Қирғизистонда тижорат банклари халқаро пул ўтказмалари бўйича операцияларни тўхтатишмоқда ёки чекловлар киритишмоқда.
Кўп бора таъкидлаётганимиздек, рубль агрессияси сиёсати доирасида постсовет давлатларига нақд ё нақдсиз рубль ёки нақдсиз доллар юбориш ва долларга ўтказиб нақдлаштириш авжига чиқмоқда. Қирғизистон ҳам бу балодан четда қолаётгани йўқ.
Уруш бошлангач, Қирғизистон Миллий банки хориждан пул ўтказмаларини ўтказма юборилган давлат валютаси ёки сомда бериш қоидаларини амалга киритганди. Лекин бир муддат ўтиб бу кор қилмай қўйди. Энди Россия манфаатлари учун ишлаётган спекулянт доиралар Қирғизистонга рубль ўтказиб, нақдлаштириб, кейин долларга айлантириш йўлига ўтиб олишди. Юридик шахслар эса нақдсиз доллар кирим қилиб, уни нақдлаштиришни бизнесга айлантириб юборишган.
Қирғизистон Миллий банки мана бу баёноти билан ўзининг ожиз эканин тан олгандай, чунки бутун масъулият яна тижорат банкларига ағдарилган.
Рубль агрессияси сиёсат доирасида жавр кўраётганлар айнан меҳнат мигрантлари бўлмоқда, чунки айнан улар суммаси кичик бўлган ўтказмаларни олишда муаммоларга дуч келишмоқда (йирик ўтказмалар бенефициарлари барча нақдликларни олиб кетишаётгани учун майда ўтказма эгаларига ҳеч қандай имкон қолаётгани йўқ).
Айни муаммо нафақат Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон учун ҳам хос. Вилоятларимизда нақд валюта етишмовчилиги гарчи очиқ тан олинмаётган бўлсада, кундалик муаммога айланган. Марказий Осиё давлатлари тижорат банклари рубль агрессиясига қарши биргаликда ҳаракат қилиш вақти етгандир балки?
Нега Марказий осиё давлатлари рубль курсини баланд ушлашга мажбур бўлмоқда? Шу эмасми муаммоларнинг илдизи? Шу эмасми янгича мустамлакачилик кўриниши?
@the_bakiroo