Бугунги кунда маблағларни қандай сақлаган маъқул? Миллий валютада ёки долларда?
Ушбу саволлар кўпчиликни қизиқтирган саволлардан бўлиб мазкур йўналишда фикр-мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз:
Фикримизча, бугунги кунда маблағларни сўмда жамғариш нисбатан кўпроқ молиявий афзалликка эга. Сабаби - оддий арифметика, келинг бир ҳисоблаб кўрамиз: Сизда 10 000 АҚШ доллари мавжуд ва сиз уни бирон омонатга жойлашни режа қиляпсиз. Демак бугунги кундаги хорижий валютадаги энг фоизи баланд омонат 5-6% атрофида бўлиб, сўмдаги баланд фоиз ставка 23-25% ҳисобланади. Дейлик омонат муддати 12 ой бўлса мазкур даврда (йиллик 5%) хорижий валютада 500 доллар (5,5млн.сўм) ва сўмда (йиллик 25%) 27,2 млн.сўм (2495 доллар) даромад кўриш мумкин. Кўриб турибсизки, фарқ жуда катта.
Танганинг иккинчи томони хам бор: Курс масаласи, валюта курсларини бугунги кунда олдиндан прогноз қилиш жуда қийин бўлса-да жамғариш даври яъни 12 ой ичида дейлик курс 12000 гача кўтарилди, деб ҳисобласак ҳам орадаги фарқ аҳамияти катта бўлмайди.
Шу билан бирга хорижий валютадаги омонатларда маблағни қисман ечиш ёки тўлдириш имкони йўқ, миллий валютадаги жамғарма ва муддатли омонатларда тўлдириш, қисман ечиш ва ҳатто капитализация килиш имкониятлари хам мавжуд. Қулайлик жиҳатидан тижорат банклари мобил иловалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки аҳоли омонатларини масофадан туриб (онлайн) бошқариш имконияти асосан миллий валютадаги омонатларда мавжуд. Хорижий валютадаги омонатларда саноқли банклар ушбу имкониятни тақдим қилиши мумкин.
Шунингдек, яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик лозим, яъни инфляция кўрсаткичи. Инфляция даражаси пул маблағлари қийматига валюта туридан қатъий назар ўз таъсирини кўрсатади. Хулоса қилиш ўзингиздан.