Омонатларнинг жозибадорлиги фақат устама фоизларда эмаслиги ҳақида
Бугунги кунда омонатлар таклифи турфа хил, улар нафақат фоизларда, муддатларда, қўшимча шартларда фарқланади.
Фақат фоиз ставкаси юқорилигига қараб омонатнинг жозибадорлигини белгилаш даврлари аллақачон ўтиб кетган. Хўш унда омонат таклифларининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш керак?
Фоизлар бир хиллигида эҳтимолий йўқотишларни камайтириш ва даромадларни максималлаштириш учун яна қатор приоритетларга амал қилиш лозим:
Биринчи: банкнинг бозордаги ўрни ва репутацияси. Кичкина, бозорда янги пайдо бўлган банк ва бозорда ўрнига, шаклланган репутацияга эга банклар бир хил фоизларда омонат таклиф этса, албатта танловни иккинчи банкда тўхтатиш керак.
Иккинчи: Ҳисобланган фоизларни йўқотмасдан омонатни чиқариб олиш имконияти. Девальвация эҳтимоли доим сақланадиган ва қисқа муддатли муқобил инвестиция вариантлари доим кун тартибида мавжуд мамлакатлар учун бу ўта муҳим омил.
Учинчи: Омонатга қўшимча маблағ киритиш имконияти. Албатта, омонат муддатининг бутун даври бўйича қўшимча бадал киритиш имконияти мавжуд омонат фақат маълум муддат давомидагина қўшимча бадал киритиш имконияти бўлган омонатдан афзалроқдир.
Тўртинчи: Омонатчи маблағларини доимий диверсификацияда ушлаши лозим. Бошқача айтганда омонатларни фақат битта қулай омонатда эмас, турли банклардаги бир неча қулай омонатларда жойлаштиргани ва ҳар бир омонатнинг энг афзал жиҳатларидан максимал даражада фойдаланиши муҳим.