Тижорат банклари "Ипотекани қайта молиялаш компанияси" ўрнини билинтирмаган
2022 йилнинг дастлабки ярмида ипотека бозорининг том маънодаги рақобатли бозорга янада яқинлашуви юз берган.
Йил бошида "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси" АЖ ресурслари ҳисобидан ипотекалаш вақтинча тўхтатилган эди. Ўтган йили иккиламчи бозордаги об-ҳавони ва таклифни белгилаб берган компаниянинг бозордан вақтинча четланиши амалда билинмаган.
Чунки тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан ипотека ажратишни ўта фаоллик билан кенгайтириб бормоқда. Ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирганда банклар 2,8 баробарга кўп ёки 1,4 трлн.сўмлик ипотека кредитларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштиришган.
Кўп бора таъкидлаётганимиздек, кўчмас мулк бозоридаги вазият ва нарх тенденциялари тижорий шартлардаги ипотекани ҳам ўта манфаатли қилиб қўймоқда. Яъни, масалан, "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси" АЖ ресурслари ҳисобидан иккиламчи ипотекани арзонроқ шартларда молиялаш бошланишини кутмасдан тижорий ипотека олганлар ўтган даврда фақат ютишди.