Иккиламчи бозорнинг асосий ресурс манбаи вақтинча "ўйиндан чиқди". Энди нима бўлади?
Кеча Ипотекани қайта молиялаш компанияси ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ишлари вақтинча тўхтатилиши ҳақида маълум қилди.
2021 йилда ажратилган жами ипотека кредитларининг 20%и ёки 1 956,8 млрд.сўми мазкур компания ресурслари ҳисобидан молиялаштирилган. Майли, бу ҳеч нарса эмас экан-ку, дейишингиз мумкин.
Лекин 2021 йилда иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитларининг қарийб 80%и ёки 1 931,2 млрд.сўми айнан Ипотекани қайта молиялаш манбалари ҳисобига тўғри келади. Бошқача айтганда, Ипотекани қайта молиялаш компанияси иккиламчи бозорда мақбул ставкаларда кредит олишнинг деярли ягона манбаси ҳисобланган.
Тўғри, 2021 йилда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан иккиламчи бозор учун жами 511,4 млрд.сўмлик кредитлар ажратилган. Лекин бу кредитлар муддати қисқароқлиги, фоизи эса юқорилиги билан ажралиб туради, яъни улар мутлақ тижорий характерга эга ипотекадир.
Ипотекани қайта молиялаш манбалари яна шуниси билан аҳамиятли эдики, унинг ҳисобидан ажаратиладиган кредитлар бошқа тижорий ипотека бўйича фоизларни кескин ошиб кетишини бирмунча тийиб турарди.
Мазкур манбанинг яна бир афзаллиги нисбатан кам ёки ўрта даромадли аҳоли қатлами учун афзалроқ имконият яратмоқда эди. Мисол учун, бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар пойтахтда 10%гача, вилоятларда 25% фарқланади.
Энди нима бўлади?
Энг аввало, бир муддат иккиламчи бозордаги ипотека фоизларини бирмунча қимматлашиши мумкинлигини кўрамиз.
Айни бир вақтда, иккиламчи бозордаги уй-жойлар нархининг ўсиши ҳам тўхтаб туришини кутиш мумкин (чунки айнан жонланган ипотека иккиламчи бозордаги нархларни тезроқ ошириб бораётган эди).
Иккиламчи бозордаги муқобилликнинг вақтинча йўқлиги қарздорларни бирламчи бозорга яна қайтаради (бу ерда асосий ўйин қоидалари "янги тартиб" ва Марказий банк асосий ставкасига боғлиқ).
Ипотекани қайта молиялаш компаниясининг эса фақат битта молиялаш манбаига боғлиқ бўлиб қолиш (Осиё тараққиёт банки) оқибатларини бошқа такрорламаслиги, ресурс манбаларини олдиндан баҳолаб ва фаол диверсификациялаб бориш йўлига ўтишига, тез орада бозорга қайтишига умид қилиб қолинади.
@the_bakiroo