Тор манфаатлар четга улоқтирилса, ақлли қарорлар кўпаяди
Ниҳоят ҳукумат газ счетчиклари масаласида соғлом ақлга мурожаат қилинган ҳолда қарор қабул қилипти. Икки йилдан буён кўп қаватли уйда яшовчи истеъмолчилар бу ҳақда айюҳаннос солади: фақат овқат қилиш учун газ ишлатиладиган квартираларга "ақлли счетчик" керакмас дея. Нафақат истеъмолчилар, энергетика тизимидаги мутахассислар лойиҳа бошлангандаёқ, марказий иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйлардаги истеъмолчиларга Технопарк счетчикларини ўрнатиш маънога эга эмаслиги ва бу ҳаракат иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги ҳақида кўп огоҳлантиришган.
Фақат овқат тайёрлаш учун йилига нари борса 40-50 минг сўмлик газ ёқадиган маиший истеъмолчиларга ўрнатилган шартли 1 миллион сўмлик Технопарк счетчиги неча йилда ўзини оқлайди? Йўқ, ҳеч ким буни эшитишни ҳам истамади. Қанчадан қанча квартиралардаги тор ошхоналар бузилди, расвоси чиқарилди. Нега? Технопарк ва унинг бенефициарлари манфаатларини қондириш ва таъминлаш учун.
Энди юқоридаги қарор билан Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичлар ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилади. Ҳар бир хонадонга эмас.
Мана бундан ҳамма ютди. Давлат ҳам, Ҳудудгазтаъминот ҳам, истеъмолчилар ҳам. Соғлом ақл ютди. Ютқазди фақат Технопарк ва унинг бенефициарлари.