Носоғлом банкларнинг ёпилиши, янгиларининг очилиши нормага айланиши керак
Бизнеснинг бошқа сегментларида ҳар йили рақобатга, бозор талабларига дош беролмаган, мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган юзлаб, минглаб субъектлар ёпилади. Айни вақтда ҳар йили бозорга юзлаб, минглаб субъектлар кириб келади. Бозор худди шундай ишлайди, агар бу жараёнга тўсқинлик қилинса, фақат касаллар эмас, ҳамма ютқазишни бошлайди.
Банк тизимида ҳам, айрим ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда шундай бўлиши лозим.
Пруденциал талабларни ойлаб, йиллаб бажармаган банкларнинг бозорда қолиши пруденциал талабларнинг охорини тўкади, обрўсизлантиради. Регуляторнинг сиёсати узвийлигига соя солади. Энг ёмони банк бозорининг бошқа иштирокчиларига ҳам қоидаларга истиснолар "мумкин экан" деган қарашларни сингдиради, жазо муқаррар эмаслигига ишонч яратади. Қарабсизки, нафақат икки-учта касал банклар, бутун бошли тизимда ўлчовсиз бўшлиқлар аа ўзибилармонлик яратадиган рисклар тўплана боради.
Ўтган замонда Ўзбекистонда фалонча банк бўлиши керак, банкларнинг очилиши ва ёпилиши иқтисодий эмас, энг юқорида қабул қилинадиган сиёсий масала, деган шаблонлар ҳукм сурган, амалда ҳам шундай бўлган.
Замон ва талаблар ўзгарди, ҳарқалай минбарлардан туриб шундай дейилаяпти. Демак, ўша шаблонлардан энди воз кечса бўлади. Тузатиб бўлмас касал банклар тугатилиши нормага айланиши зарур. Янгиларининг бозорга кириб келиши ҳам.
@the_bakiroo