18K80Telegramda ochish
Уларда қандай? Ҳуқуқшунос ва таржимон Мақсуд Саломов ёзмоқда: "Ўзбекистонга келаётган руслар ўзбек тилини ўрганиши шартми ёки шарт эмасми деган тортишувлар чиқди лентадан. Мен охирги 3,5 йилда 4 та турли давлатда камида 5 ойдан яшадим ва бу борада етарлича тажрибам бор. 1. Данияда 5 ойдан бироз узоқроқ вақт давомида яшадим. Деярли ҳаммаси инглиз тилини билади – 1-синф боласидан тортиб қарияларигача. Дат тилини ўрганишга заррача ҳам ҳаракат қилмадим. Сабаби – бунга эҳтиёж ҳам, хоҳиш ҳам, вақт ҳам йўқ эди. Лекин Данияда бирор ишга кирмоқчи бўлсангиз, хоҳ давлат, хоҳ хусусий сектор бўлсин, аксарият ҳолларда дат тилини маълум даражада билиш талаб этилади. Фақат айрим ишларда талаб етилмайди (агар мулоқот деярли талаб этилмаса ва шу мутахассис жуда керак бўлса). 2. Словенияда 1 йилга яқин яшадим. Словен тилини ўрганишга ҳаракат қилмадим. Сабаби деярли одамлар билан мулоқот қилмадим (короновирус, локдаун эди). Лекин хорижликлар билан ишловчи айрим давлат идораларида инглиз тилида мурожаат қилганимда инглиз тилида қийналмай сўзлашадиган ходимлари инглиз тилида “словен тилини биладиган танишинг билан кел” деб айтганди. 3. Испанияда 1 йилдан ортиқ яшадим. Испан тилини оз-моз ўргандим, чунки локдаун ўзи тугаган, мен яшаган ҳудуд (Жирона) аҳолиси инглиз тилини умуман билмас эди. Давлат идоралари инглиз тилини биладиган ходим билан таъминлашга ҳаракат қилади, лекин баъзида бунга қийналади. Лекин Словениядаги каби маҳаллий тилни билмаганим учун ёқтирмаслик ҳолатини учратмадим. Испанлар словенларга қараганда анча киришимли, толерант туюлган. 4. Aвстрияда яшаётганимга 1 йилдан ошди. Немис тилини ўрганишга ҳаракат қилмадим ҳозирча. Инглиз тилини деярли ҳамма билади. Лекин бирор иш қилмоқчи бўлсангиз, немис тилини билмасангиз деярли иш топа олмайсиз – бу жуда қийин масала. Давлат идоралари ходимлари тилни билмаганим учун ёқтирмаган ҳолатга дуч келмадим. Ҳатто инглиз тилини умуман билмайдиган ходимлар билан бир нечта учрашувларда Google Translate орқали гаплашдим. Лекин юқорида санаган давлатларимнинг барчасида муайян соҳаларда тил бўйича қатъий талаблар бор: 1. Бола давлат боғчаси ёки мактабига борса, маҳаллий тилда ўқийди ёки маҳаллий тилни ўқийди. Бирор ота-она “маҳаллий тилни ўргатувчи фанга кирмаса ҳам бўладими?” деган саволни берса, жуда салбий қабул қилинади – бу шубҳасиз. 2. Шу жамиятда қисқа муддат бўлса ҳам ишламоқчи, инсон учун устувор зарур бўлган хизматлардан бошқа хизматларни олмоқчи бўлсанг, маҳаллий тилни ҳам оз бўлса-да ўрган деган кайфият ҳаммасида бор. Ҳатто Испанияда ҳам. 3. Aгар бевосита жамиятга аралашмасангиз, яъни у ерда ишламасангиз, инсон учун устувор зарур бўлмаган имтиёзли хизматлардан фойдаланишга интилмасангиз ҳеч ким маҳаллий тилни ўрган деб мажбурламайди. Умуман, мен каби маҳаллий аҳоли билан деярли мулоқот қилмайдиганлар учун тилни мажбурлаб ўргатишга интилиш йўқ. 4. Лекин жамиятга аралашмоқчи бўлсам, маҳаллий тилни билиш талаби барибир чиқиб келаверади. Ва “бу талабни айланиб ўтиш йўли борми?” деган саволим, юқорида айтганимдек, жуда салбий қабул қилинади. Ҳатто муайян турдаги яшаш рухсатларини олиш учун маҳаллий тилни маълум даражада билиш талаби ҳам мавжуд. Мен каби ўта интроверт бўлмаган одам, ҳатто вақтинча яшаётган бўлса ҳам, Европа давлатларида маҳаллий тилни билиш талаби ёки истаги билан барибир тўқнашаверади. Мен билган Европа давлатлари аҳолисида “Яхши, шу жамиятга келибсан, ўрнингни топишга интиляпсан, давлат яратган хизматларидан, имкониятларидан фойдаланяпсан. Шундай экан бу жамиятнинг асосларидан бири – тилини ҳурмат қил ва маълум даражада ўрган” деган кайфият бор".

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin