UzAuto Motors 5%лик акцияларини сотишдан бир триллион сўмдан ортиқ маблағ йиғмоқчи
Монополистнинг иштаҳаси жуда карнай. Декабрда режалаштирилаётган 5%лик IPO жараёнида UzAuto Motors 98 миллион долларгача ёки 1,1 триллион сўмга яқин маблағ йиғмоқчи.
Агар расмий ҳисоботларга таянилса, монополист IPO доирасида ўз акцияларини номиналига нисбатан 14,5 баробаргача қиммат пулламоқчи. Қизиқ, бозор бунга қандай муносабатда бўларкин, UzAuto Motors фантазияларига ишонадиган инвестор топилармикан?
Гап шундаки, компаниянинг молиявий натижалари бозордаги ҳолатни ва унга нисбатан бозор нархини аниқлашга кифоя қилмайди. Монополист қатор очиқ ва ёпиқ имтиёзлардан фойдаланиб келади.
Молиявий натижаларнинг қайси қисми олиб-сотар чайқовчиликдан, қайси қисми ишлаб чиқаришдан экани очиқланмаган.
Агар компания барча солиқ ва божларни тўлаган ва очиқ рақобат муҳитида фаолият юритганида (эртами, кечми бу юз беради) унинг молиявий натижалари қандай кўриниш олиши мумкинлиги тўғрисида ҳисоб-китоблар ва прогнозлар мавжуд эмас.
Очиқ ва ёпиқ имтиёзларни қўя туринг, компания тўғридан-тўғри мажбурияти бўлган утилизация йиғимини тўлаётгани ё тўламаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Ишлаб чиқариш жараёнидаги тўланиши лозим бўлган утилизация йиғимининг ўзи 2022 йилнинг ўтган даврида 7 триллион сўмдан ошган.
Шундай экан, мабодо фантазияларга берилиб кетсангиз ҳам, етти марта ўлчанг ва яна ортга қайтинг, узоқроқ бўлинг.