Саволли масалалар
Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади. Ижтимоий ҳимоя тўғридан тўғри каналлар орқали ва приоритетлар афзаллиги чизиғи бўйлаб амалга оширилиши лозим.
Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. 2 млн. ўқувчи ўрни етишмовчилигида бу ҳатто табиий ўсишни қопламайдиган даражада жуда кам. Пул ва альтернативалар бор, юқоридаги бандга қаранг.
Келгуси йилдан мол-мулк солиғининг бир қисми маҳаллада қолади. Сайланмаганлар тақсимловчилага айланмаслиги керак.
Давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади. Маҳаллага давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий киришуви ортгани сайин самарадорлик фақат пасаяди.
Тадбиркорлик учун туманлар 5 та тоифага ажратилади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Тадбиркорлар бизнес макон танлашда рағбатни бозордан олиши керак, ҳудудларнинг тадбиркорлар учун кураши ҳам.
2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши 100 минг гектар қўшимча экин майдонлари аҳолига ажратилади. Амалдаги эгаларидан тортиб олинаётган ер майдонлари ва компенсация масаласи қонуний ҳал қилинмай туриб бу ишнинг давом этиши мувозанатни янада бузади ва манфийликни ярата бошлайди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кучайтирилади. Лойиҳанинг ўтган мавсумлари инвентаризация ва сарҳисоб қилиниши, қарздорликлар ёпилиши, ўғрилар жазоланиши, хатолар тўғирланиши юз бермай туриб тўхтатиб туриш ҳақида ўйлаш керак.
Компаниялар ва тижорат банкларининг акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади. Рентабеллиги инфляциядан паст бўлган компанияларни IPOга чиқаришда иқтисодий маъно йўқ.
Янги ва янги муаммоларни яратадиган юқоридагилар бўйича аввал ҳам кўп ёзилган, яна тўхталинади.