2023 йилда бузиш ва миллиардларни совуриш маркази Бухоро бўлади
Айтишларича, 2023 йилда Бухоро шаҳрининг қоқ марказида Туризм марказини қуриш ишлари бошланади.
Самарқанддаги каби аслида туризмга умуман алоқаси бўлмаган, бир неча юз миллион долларлик, дидсизлик, самарасизлик ва ялтироқ ҳашамат манзили Бухорода ҳам пайдо бўлади. Не тонгки, Бухорода ҳам бу манзил Туризм маркази деб ном олади.
Фақат Самарқанддан фарқли равишда Бухоро Туризм маркази шаҳарнинг қоқ марказида қад ростлаши кўзда тутилган.
Манбалар тасдиқлаган дастлабки режаларга кўра, Туризм маркази ўрни учун шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари ўқи атрофида барча бино ва иншоотлар бузилади.
Эътибор қилинг, бузиладиган бино ва иншоотлар орасида:
Вилоят ва шаҳар ҳокимияти;
Бухоро стадиони;
Ўқув юртлари, хусусан, Мединститут, саноат коллежи;
Меҳмонхона;
Парк ва кутубхона;
Бир нечта банклар ва ўнлаб бизнесга оид иншоотлар бор.
Дастлабки ҳисобларга кўра, лойиҳанинг қиймати 500 миллион доллардан ошади. Бу суммага бузиш ва компенсация билан боғлиқ харажатлар киритилмаган.
Дунёнинг 50та энг қашшоқ мамлакати қаторига кирадиган Ўзбекистон иқтисодий маънога эга бўлмаган, туристик инфратузилма билан қовушмайдиган, қайтанга тарихий обидалар ва қадимий шаҳарлар ўзлигини тўкадиган ва табиийки, фақат битта мақсад — давлат ва бюджет маблағларини тўғридан тўғри ёки билвосита ўзлаштиришга қаратилган лойиҳалар учун юз миллионлаб доллар маблағларни совуришда давом этмоқда.
Лойиҳа ташаббускори ва ўзлаштирувчиси Ўзбекистон ҳукумати учун бегона бўлмаган олигархлардан бири бўлади.
Катта эҳтимол, бу йўлда шаклланган схемаларга асосан, олигархга ҳадя этилган бошқа бир лойиҳанинг қийматини камида уч баробарига шиширишга рухсат этилади.