Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар бўйича NPL 16%дан зиёд!
Марказий банк 2022 йил якунлари бўйича Банкларнинг молиявий ҳолати шарҳини тақдим этмоқда.
Шарҳни ўргана туриб, айрим пробелларга эътибор қаратмаслик мумкин эмас.
Хусусан, кредит маҳсулотлари қирқимида муаммоли кредит миқдори ва NPL улуши кетма-кетликда тақдим этилган. Лекин яна оилавий тадбиркорликка ажратилган кредитлар бўйича муаммоли кредитлар улуши ва ҳажми тушириб қолдирилган.
Демак, Чакана кредитлар бўйича NPL 3,8%ни ташкил этган, суммада бу 3,8 трлн.сўм дегани. Бундан ипотека, истеъмол ва микроқарзлар бўйича NPL ҳажмини чиқариб ташласак, 2,3 трлн.сўмдан сал кўпроқ қолади. Айни шу ҳажм тадбиркорликни ривожлантириш учун, яъни камбағалчиликни тугатиш учун ажратилган имтиёзли кредитларнинг муаммоли қолдиғи. NPL улуши 16%дан кўпроқ. Ҳисобларда кредит маҳсулотлари қолдиғи маълумотларидан ҳам фойдаланилди.
Тадбиркорлик учун ажратилган кредитларнинг асл аҳволи қандай даражада эканини кўрсатувчи рақам биринчи марта яширилаётгани йўқ. Аввалроқ ҳам шундай таҳрирга йўл қўйилганди. Гумонга бориш мумкинки, бу энди келишилган ва маъқулланган йўл.
Давлат имтиёзли кредитлаш бўйича зарарли оқибатларини била туриб ҳам шу йўлдан юришда давом этади (2023 йилда яна 13 трлн сўм шу тоифада кредит берилади). Қайтанга бу ёғига оқибатларни юқоридаги каби усулларда яширишга ўтилади.
Дарвоқе, муаммоли кредитлар улуши энг юқори бўлган иккинчи соҳа бу уй-жой коммунал соҳаси ҳисобланади: Ҳокимлар ва уларнинг шотирлари кемириб битирган коммуналкада ТСЖ ва бошқарув компанияларга ажратилган кредитлар бўйича NPL 11,3%ни ташкил этади.