Қўшни Қозоғистонда инфляция ошишда давом этмоқда
Ўзбекистонда нархлар ўсиши расмий статистикага кўра, тўхтатилгандек кўринаётган бўлса, қўшни Қозоғистонда инфляция тўлқини кучайишда давом этмоқда.
Февраль якунларига кўра, қардошларда ойлик инфляция 1,3% (+0,2%), йиллик инфляция эса 21,3%(+0,6%) гача кўтарилган.
Айниқса, озиқ-овқат инфляцияси авжига чиқмоқда. Февралда емиш инфляцияси ойлик ҳисобда 1,5%га, йиллик ҳисобда 26,2%га етган.
Қизиқ тарафи, озиқ-овқат импортида Қозоғистонга юқори даражада боғлиқ бўлган Ўзбекистонда емиш инфляцияси деярли икки баробарига паст.
Айтиш керакки, инфляция методологияси жуда ўхшаш. Қозоқларда инфляция ҳисоблашда 508, бизда 510 товар ва хизмат қўшилган. Озиқ-овқат вазни уларда 41,8%, бизда эса 42,4%.
Иқтисодиетларимиз интеграциялашгани, истеъмол таркиби, айниқса озиқ-овқатларда ўхшашлиги ҳисобга олинса, қўшнилардан инфляция тўлқинини кириб келиши вақт масаласи холос. Қолаверса, қозоқ тенгеси долларга нисбатан ҳам, сўмга нисбатан ҳам мустаҳкамланишда давом этмоқда.