Инфляция мўътадиллашмоқдами ё бу бўрон олдидан сукунатми?
Август ойида ойлик инфляция 0,5%ни, йиллик инфляция 12,3%ни ташкил этган. Маълумот учун охирги 2020, 2021 йил августида ҳам инфляция 0,5%дан иборат бўлган эди. 2022 йил апрель ойидан буёғига кўрсак, ҳар бир ойда инфляция кўрсаткичи 2020 ва 2021 йилдаги тегишли ойларнинг инфляциясидан юқори бўлиб келаётган эди. Яъни бир қарашда инфляция мўътадиллашаётгандек. Лекин хулоса учун шошмаслик зарур. Куз ойлари инфляция тўлқинининг янги кўринишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Қолаверса, қўшниларда ва ҳамкор давлатларда инфляция пасаяй демаяпти. Хусусан, Қозоғистонда ойлик инфляция 1,6%гача, йиллик инфляция эса 16,1%гача тезлашган. Қўшнилардан инфляцияни импорт билан, айниқса озиқ-овқат инфляцияси билан кўчиб келиши вақт масаласи холос.
Ўзимизга қайтамиз. Августда яна ноозиқ-овқат инфляцияси юқори кўрсаткични қайд этган (0,8%). Озиқ-овқат инфляцияси 0,3%, хизматлар инфляцияси 0,4%ни ташкил этган.
Гуруҳлар ичида қараганда ресторанлар ва меҳмонхоналар хизмати (2,0%), спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари (1,5%), маиший товарлар ва хизматлар (0,9%) юқори даражада қимматлаган.
Муҳим озиқ-овқатлар ичида гуруч (3,6%), ун (1,2%), гўшт (1,2%), шакар (1,2%), сут (0,8%), пахта ёғи (0,6%) ва сариёғ (0,6%) нархлари ойлик инфляциядан тезроқ ошишда давом этган.
Ҳақиқат учун айтиш керакки, 2022 йилда биринчи марта гўшт ва пахта ёғининг йиллик ўсиш нархлари йиллик инфляция кўрсаткичларидан пастроқ даражада ўсмоқда. Бу рақобатли бозорга гарчи ниятлар эзгу бўлса ҳам, маъмурий йўл билан аралашмаслик кераклигини яна бир бор исботламоқда.