Мавсумий дефляция даври тугади: олдинда мураккаб сентябрь
Кутилганидек, июнь ва июль ойларидаги мавсумий нарх арзонлашишидан кейин, августда яна ойлик инфляция бош кўтара бошлади.
Расмий статистика август ойида 0,5%лик инфляция қайд этди. Йиллик инфляция эса ўзгаришсиз, 11,1% даражасида қолган.
Хавотирлиси, гўёки жиловлангандек туюлган озиқ-овқат инфляцияси яна кун тартибида. Ой давомида гўшт нархи 2,6%га ошган, хусусан, мол гўшти эса 3,1%га. Сабзавотлар августда 2,5%га қимматлаган, бунда вазни юқори бодринг 26%га, помидор 13,5%га, пиёз эса 10,5%га ошганини эътиборсиз қолдириш қийин.
Хизматлар такрибида Транспорт (1,4%) ва ресторан/меҳмонхоналар (1,3%) хизматлари нархлари юқори суръатда ошишда давом этмоқда. Махсус комиссия мазкур соҳаларни кўпроқ жазолашда давом этса, нархлар яна кўтарилишда давом этади.
Ўзи инфляция бўйича сўровнома ва кутилмаларда аллақачон Махсус комиссиянинг ғалати/зарарли қарорлари деган банд киритиш керак эди.
Ҳа, сентябрь янаям оғир бўлади. Маошлар оширилиши эффекти ўз таъсирини кўрсатади, айниқса рақобат шаклланмаган секторларда.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари тариф ва нархларини 1 сентябрдан жуда юқори суръатда ошириб улгурди.
Қўшимча талаб ҳисобига транспорт ва умумий овқатланишда ҳам нархлар ошишда давом этади.