Мавсумий дефляция августда давом этмади
Август ойида июнь ва июлда мавсумий тарзда юз берадиган дефляция давом этмади (янги даврда бу бирон марта юз бермаган). Ойлик инфляция 0,5%ни ташкил этган, қуйи база ҳисобига йиллик инфляция яна 9,0%га қайтган (+0,1%).
Августда хизматлар энг кўп қимматлаган (+0,7%). Озиқ-овқатлар нархи 0,6%, ноозиқ-овқатлар нархи 0,4%га ошган.
Муҳим озиқлардан сабзи (+11,8%), тухум (+7,3%), гуруч (+1,9%), мол гўшти (+1,2%), қўй гўшти (+1,1%), сут (+0,3%) қимматлашишда давом этган. Худди шу саналган озиқ-овқатлар нархлариининг йиллик ўсиши расмий инфляциядан анча баландроқ.
Спиртли ичимликлар (+0,5%) ва тамаки маҳсулотларининг (+0,7%) нархи ўсиши ҳам секинлашгани йўқ.
Статистикамиз ижара (+0,2%), йўловчи ташиш (+0,5%), товар ташиш (+0,2%) хизматлари кескин кўтарилганини сезмаган. Август ойининг учинчи ўнкунлигидан бошлаб, газ заправкаларидаги дефицит ва навбатлар шаҳарлараро йўловчи ва юк ташиш нархларини сезиларли даражада оширди. Шунингдек, ўқув йили бошланишидан олдин йирик шаҳарларда ижара нархлари кескин кўтарилди.
Августдан сув таъминоти тарифлари (+80-100%) кескин ошганига қарамай, расмий инфляция атига 7,3%лик нарх ўсишини қайд этган.
Статистикамиздагилар ҳисобига кўра, Мактабгача ва бошланғич таълим хизматлари нархи августда ўзгармаган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 1,4%га арзонлашган. Назаримизда, улар бутунлай бошқа Ўзбекистонда яшашда ва бошқа Ўзбекистондагилар учун ҳисобот тайёрлашда давом этишмоқда. Пулли хизмат кўрсатувчи боғча ва мактаблар август ой ичида нархларини 15-20%гача оширишди.