"Бепул ҳавони" яна бир марта "бепул" деб эълон қилишга чидаш мумкин. Лекин ҳаво учун ҳақ миқдорига чеклов нима учун?
Бу албатта хоҳишларга ва популизм сандиғи қанчалик бўшаб қолганига ҳам боғлиқ.
Масалан, ҳамма биладики, Ўзбекистонда чакана банк бозоридаги кучли рақобат туфайли жисмоний шахсларга тўловлар билан боғлиқ кўрсатиладиган ва тўлов қабул қилувчи билан стандарт келишув тарзида боғланган хизматлар аллақачон бепул. Ҳарқалай, масалан, мен ишлатадиган иловаларда, бу Пайме бўладими, Узумми, Зумрадми, Анорбанкми, ТБС иловасими - ҳаммасида бюджетга тўловлар, авиачипти сотиб олишдан коммунал тўловларгача бепул. Чунки тўлов тизимлари кўрсатилган хизматлар учун хизмат ҳақини мендан эмас, махсулот етказувчи ва хизмат кўрсатувчидан ундириб олади. Талаб, рақобат ва эластикликка қараб банклар хизмат кўрсатувчилардан 2% оладими, 0,5% оладими, менга қизиқмас. Менга хизмат сифати қизиқ.
Энди мана шу ўзи жисмоний шахслар учун чакана бозор рақобати ва хусусиятидан келиб чиқиб бепул бўлган хизматлар яна бир марта, бу сафар давлат тарафидан бепул деб эълон қилинмоқда. Майли, бунисига чидаш мумкин. Очко олишмоқчи. Олишсин.
Лекин нега воситачилик ҳақи миқдори тўлов суммасининг бир фоизигача, бироқ жами суммаси Марказий банк томонидан белгиланадиган чегаравий миқдорлардан кўп бўлмаган миқдорда чегараланмоқда? Мана шуниси ортиқча-да энди.
Кабинетдан ташқари чиқмаган, бозор нималигини кўз олдига келтира олмайдиганлар, эрталабгача таклиф тўқиб киритадиганларгина шундай ўлчовларни қабул қилиши мумкин. Қатор хизматлар борки, улар бўйича 2% хизмат олиш ҳам камлик қилади, харажатларни қопламайди. Чунки уларнинг частотаси, ҳажми жуда кам. Қолаверса, тўловчи ҳам кўпроқ тўлашга рози. Нега хизмат ҳақини бозор, яъни ўзаро келишув эмас, давлат чеклови белгилаб бериши керак?