Март ойида солиқ тушумлари яна пасайиб кетган ёки солиқчиларимиз тақдим этган 11 ўзгарувчили тенгламани ечинг
Март ойи давомида солиқ тушумлари 12,5 трлн.сўмни ташкил этган. Бу феврал ойига нисбатан 900 млрд.сўм камроқ дегани.
Тушумлар қайси солиқлар ҳисобига камайганини батафсил ва тўлиқ айтиш имконсиз. Чунки биринчидан, маълумот мундарижаси январь ва февраль ойларидаги маълумотлар шаклидан анча фарқланади, хусусан, Ер, мулк ва сув ресурсларидан фойдаланиладиган солиқлар алоҳида кўрсатила бошлаган бўлса, бошқа солиқлар тўғрисида маълумот умуман берилмаган. Иккинчидан, фойда солиғи кўрсаткичлари энг кўп солиқ тўловчи НГМК ва АГМКни истисно қилган ҳолатда тақдим этилган.
Хуллас ихтиёрингизда 11 ўзгарувчили тенглама. Ечишга уриниб кўринг.
Бор маълумотлардан кўриш мумкинки, март ойида жами тушумлар билан бирга, ҚҚС, Ер қаъридан солиқ ва акциз солиғидан тушумлар февралга нисбатан пасайиб кетган. Балки шу ҳолат март ойи якунида кўрганимиз Солиқ разверсткаси ҳаракатларини тушунтириб берар.
Лекин мен барибир тушунмайман:
Энг катта солиқ тушумларини бераётган НГКМ ва АГМК маълумотларини яширишдан нима маъно? Бюджетимиз ва кўрар кунимиз шу икки гигантга боғлиқ бўлиб қолганини кўрсатмасликми?
Тушумлар таркибини ҳар ой ўзгартириб беришдан мақсад нима? Солиштириш бўлмаслиги учунми? Қатор солиқлардан тушумлар пасайиб кетаётганини яширишми? Иқтисодий ўсиш йўқку, солиқ тушуми қайдан бўлсин? Нега реалликни яширамиз? Кимдан? Раҳбарданми? Ё Халқданми?
Солиқчиларимизнинг ҳурматли вазир Шерзод Кудбиевнинг туғилган куни билан эълон қилишган расмий табрикларига қўшилган ҳолда, очиқ ва шаффоф деган сўзлар худди охори тўкилиб бўлган ЯНГИ деган калима каби асл маъносини йўқотиб қўймаслигини жуда жуда хоҳлаган бўлардим.
- https://telegra.ph/file/eecc7aff6fe32fb25b5ff.jpgtelegra.ph
- https://t.me/fiskaltahlil/176@fiskaltahlil
- https://t.me/fiskaltahlil/126@fiskaltahlil
- https://t.me/fiskaltahlil/103@fiskaltahlil
- https://t.me/the_bakiroo/6364@the_bakiroo
- https://t.me/soliqnews/10630@soliqnews