Ислоҳот бу осонлаштиришдир!
Ўтган кунгиси билан ҳисоблаганда, адашмасам, учинчи марта ташаббусли бюджетда илгари сурилган, кўп овоз йиққан, лекин ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг қўшимча квота асосида ғолиб деб ҳисобланилиши ва молиялаштирилиши эълон қилинмоқда. Бу жуда қувонарли.
Бу билан ҳам халқнинг фаол ҳаракатлари ва интилишлари янада рағбатлантирилаётган бўлса, иккинчи томондан эндигина такомиллашиб бораётган механизмнинг айрим пробеллари тўлдирилмоқда, маъмурий йўл билан сайқаллашмоқда.
Айни пайтда ташаббусли бюджет жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини қайта кўриб чиқишга чақириқлар қатор саволларни уйғотади, мулоҳазаларга чорлайди
Биринчидан, бу жараён ташаббусли бюджет учун ажратилаётган маблағлар ҳажми ва улушини камайтириб қўймайдими? Шундай хавотир йўқ эмас. Бошоғриқ бўлаяпти, ажратилаётган пул кўпайгани сайин шовқини кўпайиб кетди, яхшиси, ҳокимлар садоқатли кенгашлар билан тақсимлайверсин, деган топшириқ жуда кўпчилик чиновникларга ёқиб тушади. Лекин буни бугунги жамоатчилик қабул қилмайди. Демак, токи ўзбекистонликларнинг кенгашлар ва парламентда ўзининг эркин танлаган ва эркин сайлаган вакиллари йўқ экан, бюджетнинг ташаббусли бюджет орқали тақсимланадиган қисми фақат оширилиб борилиши керак. Орттирилган бюджетнинг 30 фоизи эмас, 40 фоизи ва кейин 50 фоизигача кўтариш керак бу улушни.
Иккинчидан, лойиҳалар сони ва ғолиблар сони ва улушини йўналишлар қирқимида таҳлил қилсак, инфратузилма лойиҳалари ижтимоий соҳа ва маъмурий соҳа лойиҳаларига ютқазиб қўяётганини кўраяпмиз. Энди ўзимизга савол берайлик, нега шартли ичимлик суви лойиҳаси мактабга доска олиш лойиҳаси ёки маҳалла гузари қуриш лойиҳаси билан рақобатлашиши керак? Илгари ҳали Ташаббусли бюджет бу қадар қамров олгунича савол долзарб эмас эди. Энди эса жудаям долзарб. Демак, энди шартли равишда сув билан боғлиқ лойиҳалар фақат сув, йўл, газ, канализация каби Инфратузилма лойиҳалари билан рақобатлашиши зарур. Ҳозирда 18та категория бўйича ташаббус кўрсатиш мумкин бўлса, унга маблағлар ажратишни учта сегмент - Ижтимоий, Инфратузилма ва Маъмурий гуруҳларига бўлиш ва ажратилган маблағларниям ҳар бир туманда тенг учга тақсимлаб овоз жараёнини бошлаш рационалроқ бўлади, назаримда. Шунда сувнинг ҳақи таълимга, таълимнинг ҳақи ободонлаштиришга ўтиб кетиб қолмайди.
Учинчидан, тараққиетимизнинг ҳозирги босқичида овоз бериш жараёнини қийинлаштириш нотўғри бўлади. Нима деб ўйлайсиз, шунча муаммоларга тўлиб ётган маҳаллаларда энг замонавий идентификация усулларини қўллашга имкон берадиган нормал интернет борми? Қанча ўзбекистонлик смартфон ва иловалардан фойдаланади? Биз такомиллаштирамиз деб аслида ёрдам бермоқчи бўлаётган қатламни жазолаб қўймаймизми? Тарозининг бир палласига қийинлаштиришдан олинадиган самара ва иккинчи палласига содда овоз беришдан йўқотишларни қўйсак, қайси бири тош босади? Шунинг учун, бу борада шошмай туриш, СМС орқали овоз бериш тизимидан фойдаланишда давом этиш маъқулдек кўринади.