Овоз йиғишга тайёргарликни ҳозирдан бошлаш керак
“Ташаббусли бюджет” янги мавсумида ғолиблар биринчи марта “бир фуқаро – бир овоз” принципида ўтказилади.
Аввалги мавсумлардаги каби берилган овозлар сони 16-18 млн.га чиқиб кетмаслиги аниқ. Битта лойиҳа учун 20-25 минглик овоз тўплашлар бўлмайди. 44 минг овоз олиб ғолиблар рўйхатидан тушиб қолиш ва қўшимча квоталарга умид қилиш энди ўтмишда қолди.
Шу маънода ғолиб бўлишни истаганлар овоз йиғиш стратегиясин бу йил бутунлай қайта кўриб чииқшлари тўғри келади. Чунки ўтган йиллардаги усулларнинг яна кор қилиши қийин.
Биринчидан, бир ҳудуддан кўрсатилаётган лойиҳаларда инфратузилма ва ижтимоий ташаббуслар яна рақобатлашмоқда. Айтайлик ўтган йилларда, битта ҳудуддан мактабни таъмирлаш ҳам, йўлни таъмирлаш ҳам ютиб олиниши мумкин эди. Бу йил бундай мўъжизалар имконсиз. Приоритетларни тўғри танлаш ва энг асосий лойиҳа учун куч ва ресурсларни сарфлаш керак.
Иккинчидан, овоз йиғиш учун тайёргарликни ҳозирдан бошлайвериш керак. Бу йил ўтган йилгидек каналларда реклама-тарғибот, уяли алоқа ва тўлов дилерлари билан ҳамкорлик, бекат ва бозорларда овоз учун маҳсулот тарқатишдан кўра кичик гуруҳларга бўлиниб хайрихоҳларни тўплаш кўпроқ иш беради. Овоз тўплашда оила, дўстлар, ҳамкасблар занжирида ишлаш керак. Сизнинг лойиҳангиз учун кимлар овоз бериши мумкинлигини санаб ҳозирдан рўйхат тузаверинг.
Учинчидан, маҳаллалардаги бой ва тадбиркорларнинг "ташаббусли бюджет"даги иштироки шу пайтгача овоз йиғиш учун молиявий ёрдам кўринишида ҳисса қўшишдан иборат эди. Назаримда энди Open Budget'да маҳалла бойларининг ўрни ҳам ўзгаради. Мен ўйлайман, айтайлик, 1000 та овоз олиб ғолиб бўлмай қолган лойиҳаларнинг давлат билан биргаликдаги молиялаштирилишига бой ва тадбиркорларимиз ўзлари эътибор қаратишни бошлашади. Бундан ҳамма ютади. Давлат ҳам. Халқ ҳам Бойларимиз ҳам, чунки меценатлик ва ҳомийлик солиқ тўлови базасини камайтиради. Балки "Ташаббусли бюджет" доирасида мамлакатда фаол ҳомийлик ва меценатлик ҳаракати юзага келар. Бу бутунлай бошқа тарих бўлади.