Бюджетга халқ яқинлаштирилмоқда, бу етарли эмас, янаям яқинлаштирилиши керак
Агар таклиф этилаётган лойиҳа маъқулланса, 2022 йилдан бошлаб фуқаролар ташаббуси жараёни учун барча туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган харажатларининг 5 фоизига тенг миқдордаги маблағлар ҳамда қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи йўналтирилади.
Бошқача айтганда, маҳаллий бюджетларнинг 5 фоиз харажатлари ва маҳаллий бюджетлар қўшимча ишлаб топган маблағларнинг 30 фоизи халқнинг хоҳиш иродаси ва таклифлари асосида танланган йўналишларга ишлатилади. Бу йўлларнинг таъмирланиши, ичимлик суви келтирилиши, мактаб, шифохона қурилиши кабилар бўлиши мумкин. Лекин асло ҳоким учун янги хизмат автомашинаси, ҳокимнинг даволаниши ёки ҳокимият учун янги мебеллар эмас.
Ҳозирда фуқароларнинг ташаббуслари билан бюджетларнинг қўшимча ишлаб топилган даромадларнинг фақат 10 фоизигина ишлатилади.
Менинг фикримча, ҳокимни халқ сайламаган, маҳаллий кенгашлар ҳокимнинг рўйхати билан шаклланган шароитда, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларининг 100 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш ҳақида ўйлаш вақти етди. Шунда халқнинг ҳеч қурса ўзи тўлаётган солиқларнинг ортиқча қисмини тақсимланилишида иштирок этишга имкони бўлади.
Лойиҳа учун фикрларингизни билдиринг. Четда турманг. Гап сизнинг пулларингиз ҳақида кетмоқда.
@the_bankiroff