Ҳар бир кризисда кризис асосий юки занжирнинг қайсидир ҳалқасига кўпроқ тақсимланади. Бу юкнинг иқтисодий занжирнинг барча ҳалқаларига баравар тақсимланиши, афсуски, орзу холос.
Агар қўшимча енгиллик ва пруденциал талаблар бўйича вақтинчалик истиснолар қабул қилинмаса, ёпирилиб келаётган бўҳроннинг асосий зарбасини тижорат банклари қабул қилиб олади.
Коронавирус омилининг таъсирига дучор бўлган бизнесга 6 ойгача реструктуризация имкони берилгани Пандора қутисини очиб юборди.
Коронавирусдан жавр кўраётганлар майли, бу рискнинг бизнесига умуман алоқаси йўқ ёки ҳатто афзалликка эга бўлганлар ҳам реструктуризациядан фойдаланиб қолишга иштиёқманд бўлиб турипти.
Чакана қарздорлар ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. Жуда кўпчилик қарздорлар учун ишдан вақтинча четланилгани, меҳнат таътилига чиққани, уйда ўтиргани ва карантинда зарур товарлар ва озиқ-овқат жамлагани кредит бўйича тўловларни қайтармасликка асосий важ бўлиб турипти.
Эслатиб ўтиш жоиз, нима бўлгандаям барча тоифадаги қарздорларнинг мажбурияти соқит бўлмайди, қарздорлар таъминотдаги мол-мулк ва бошқа активлари билан банк олдида тўла масъулиятлидирлар.
Бу ой Ўзбекистон банк тизими тарихида муаммоли кредитлар улуши ўзининг рекордини ўрнатиши мумкин. Банкларнинг резистанталиги бу ой, кейинги ой, майли яна бир ойгача чидамлидир? Лекин ундан кейин-чи? Бизнес жон сақлаб қолиши, қарздор фуқаролар хайрихоҳлиги учун банкларни қурбон бериб қўймаймизми? Кейин кредиторлар ва депозиторлар олдидаги мажбуриятлар бажарилиши муаммога айланмайдими?
Банкларга имтиёз керак эмас, лекин феълан сигналлар керак. Бу кеч бўлмасидан капитал, ликвидлик, муаммоли активлар билан боғлиқ пруденциал талаблар вақтинча юмшатилиши, турли марказлашган дастурлар бўйича кредитларни молиялаштириш босимлари тўхтатилиши ҳақида сигналлардир.
Дарвоқе, саналганлар ҳақиқатга даъвоси йўқ ўта шахсий фикрлар.
@the_bakiroo