33K234Telegramda ochish
Бизга сунъий дам олиш кунлари эмас, росмана байрамлар керак, миллат ва мамлакатни бирлаштирадиган байрамлар керак Охирги сайловларда вакили 3% атрофида овоз олган Адолат партияси 11 ноябрни байрам кунлари қаторига қўшиш таклифи билан чиқмоқда экан. Албатта таклифнинг оёғи Адолатнинг ўзидан ўсиб чиқмаган. Лекин 7 минг атрофидаги касабачилар учун бу ҳаддан зиёд катта марҳамат эмасми? Бюджет кодексига зид равишда касабачиларга бюджетдан алоҳида ирмоқ ажратиб берилди. Кейин касабачилар қонунчиликка зид равишда бюджет тақсимловчисига айланишди. Балки Адолатчилар 11 ноябрни байрам деб касабачиларга пахта қўйиш ўрнига парламентда шу саволларни кўтаргани адолатли эмасми? Ё Касабачиларга янги замонда қонун йўқми? Ўзингизга савол беринг: садоқатли касабачиларни номенклатуранинг давоми ва шериги ўлароқ кўриладиган ва мустақил касаба уюшмалари тузиш имконсиз бўлган Ўзбекистонда 11 ноябрь байрам сифатида қабул қилинадими? Агар байрамларга росмана эҳтиёж сезилаётган бўлса, буни тушуниш мумкин, мана 14 январь "Ватан ҳимоячилари" кунини умумхалқ байрами деб эълон қилайлик. Халқ ва Армия бир тан, бир жон экани янада кўпроқ билинсин. Потенциал душманларимиз ёрилиб ўлсин. Ёки бўлмаса, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши қўйилган 20 июнь "Мустақиллик декларацияси" кунини умумхалқ байрами деб эълон қилайлик. Ахир шу куни эмасми мустақилликни илк бора ва советлар маконида биринчилардан бўлиб эълон қилганимиз? Ёки тобора ғариблашиб бораётган, лекин ўзлигимизнинг, миллий зеҳниятимизнинг асоси бўлган Ўзбек тили кунини, 21 октябрни умумхалқ байрами деб эълон қилармиз? Ахир тилимизсиз киммиз биз? Байрамлар бир тўп гуруҳ учун, уларнинг кибр ва хоҳишларидан келиб чиқиб эълон қилинмаслиги керак. Байрамлар миллатни ва мамлакатни бирлаштириши керак. Шундай экан, 11 ноябрь байрам деб эълон қилиниши камида ғалати. Умид қиламанки, бу таклиф ижрочига айланиб қолган бўлсада, парламент тасдиғидан ўтмайди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin