Апрелда халқаро пул ўтказмалари деярли 30%га камайган
Пул ўтказмаларининг ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан камайиши апрелда яққол намоён бўла бошлаган.
Апрель ойида 763 млн.долларлик пул ўтказмалари келиб тушган, бу ўтган йилнинг апрелига нисбатан деярли 30%га, жорий йил март ойига нисбатан деярли 7%га камроқ.
Албатта, ҳозирча жиддий хавотирларга ўрин йўқ. Чунки ўтган йил апрелдан бошлаб рублнинг маъмурий курси туфайли пул ўтказмалари таркибида товар операциялари ва спекуляциянинг ўрни ҳаддан зиёд ошиб кетганди. Тасаввурлар янаям аниқ бўлиши учун пул ўтказмалари ҳажмини 2022 йил эмас, 2021 йил тегишли даврлари билан солиштириш ўринлироқ бўлади.
Агар тенденциялар сақланса, фавқулодда кутилмаган ҳодисалар юз бермаса, бу йил 10-12 млрд.доллар атрофида пул ўтказмалари кириб келиши мумкин.
Шунингдек, товар операциялари ва спекуляциянинг ўрни камайгач, валюта сотиш ва валюта сотиб олиш ҳажмлари ўртасидаги фарқ ҳам 2021 йил кўрсаткичларигача барқарорлашган.
Анжуманда очиқланган яна бир қизиқ маълумот бу базавий инфляция билан боғлиқ. Базавий инфляциянинг озиқ овқат компоненти 16,2% ва хизматлар компоненти 12,6% атрофида сақланиб қолмоқда. Бу жиддий сигнал. Умуман олганда, буёғига бир марталик ва маъмурий қарорлар билан инфляцияни пасайтириб бўлмаслиги янада ойдинлашади. Ягона ечим чуқур таркибий ислоҳотлар, бозорни очиш ва рақобатни қўллаб қувватлашда бўлади.