Чорвоқда дачалар нархи яна осмонга чиқа бошлади
Кунлар исиб кетиши билан салқин жойларда дам олиш мавзуси трендга чиқади. Тошкентда кўпчилик дам олиш кунлари Бўстонлиқ туманига дам олишга чиқади. Шунга яраша Чорвоқ атрофидаги дам олиш масканлари нархлари ҳам осмонга чиқиб кетади. Агар ҳисоблаб кўрсангиз, Тошкентдан 70 км узоқликда дам олиш чет элда денгиз бўйида дам олишдан ҳам қимматга айланади.
Келинг ҳисоблаб кўрамиз. Ҳозир май ойининг боши. Нархлар энг юқори нуқтасига ҳали етиб келмаган, лекин шунда ҳам Чорвоқдаги дачалар иш кунлари учун бир кунлик ижара нархи ўртача 400 доллардан 1000 долларгача таклиф этилмоқда. Шанба ва якшанба кунлари бу нархи 1,5-2 бараваргача қимматлашади. Келинг биз ўртача, нисбатан пастроқ нархда битта дачани 7 кунлик ижарасини ҳисоблаб кўрамиз. Бир ҳафтага ўртача классдаги дача бир кунлик 500 долларлик ижара нархи бир ҳафтада 3,5 минг долларга айланади. Кўпи билан 5-6 киши шу пулга дам олади деб ҳисобласак, ижара нархи бир кишига 600-700 доллар атрофида тушади. Бунга ҳали сиз қиладиган бозорлик, "бочка"га тушиб мастава ичиб, кабоб ейиш"лар кирмаган. Чорвоқда чўмилиш, кемада сайр қилиш каби қўшимча харажатларни қўшиб ҳисобласак, Бўстонлиқда бир ҳафталик ўртача дам олиш сизга минг долларга айланади. 1000 доллар.
Бу пулга эса ҳақиқий денгиз бўйида ҳам дам олса бўлади. Оддий мисол: Батуми. Грузиянинг Қора денгиз бўйича жойлашган шаҳрига бир ҳафталик дам олиш учун 700 долларлик тур пакетлар бор. Асосийси у ерга бориш учун сиздан ҳеч қандай виза сўралмайди. Самолётда бориб келиш, меҳмонхонада яшаш, нонушта, денгизда истаганча чўмилиш учун бир ҳафтада кетадиган харажатларингиз 700 доллар. Уёғига имкониятингизга қараб, янада яхшироқ дам олиш учун қўшимча харажат қилишингиз мумкин, лекин энг асосийси Чорвоқда дам олишга кетган харажатдан камроқ сарфлаб сиз ҳақиқий денгиз бўйида ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўласиз.
Ўзингиз танланг: 1000 долларга, сершовқин, қайтишда 3 соатлик тирбандликда қайтиладиган Чорвоқда дам олиш яхшими, ёки 3,5 соат самолётда парвоз қилиб, ҳақиқий денгиз бўйида дам олишми?
- https://t.me/dacha/222@dacha
- https://t.me/dacha/229@dacha
- https://t.me/locas_tour/567@locas_tour