Автокредитларга нисбатан риск ҳисоби гаровга боғланади
Агар таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси маъқулланса, 2023 йил 1 июлдан бошлаб автокредитлар бўйича риск даражаси кредитнинг фоиз ставкасидан эмас, гаров қийматининг кредит қийматига нисбати билан аниқланади.
Соддароқ айтганда, масалан, дастлабки бадали 25%дан кам, 10% ёки ҳатто дастлабки бадалсиз ажратилаётган автокредитлар энди 200%гача риск билан баҳоланади. Табиийки, банклар дастлабки бадали 25%дан кам бўлган автокредит маҳсулотлари таклифини камайтиради.
Назаримизда, бу жуда тўғри қарор. Монополлашган бирламчи автомобиль бозори, етарли даражада таклиф йўқлиги, шунингдек, юқори даражада спекуляция қоидалари асосида ишлай бошлаган иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият тобора молиявий пирамида белгиларига эга бўлиб бормоқда. Автомобиль истеъмол товари хусусиятини йўқотиб, олиш ва сотиш ўртасидаги маржага эришиш ва спекулятив даромадга эга бўлиш воситасига айланиши кузатилмоқда.
Банклар ҳам ўзининг маржасига эга бўлиш учун курашда тобора риск жараёнига фаол кирмоқда, рискни қарздор билан бўлишмаслик, яъни рамзий дастлабки бадал билан ёки дастлабки бадалсиз автокредитлар ажратилиши бунинг яққол мисоли. Айтайлик, автомобиллар нархининг 10% ёки ундан кўпроқ даражада бирдан пасайиши (бунинг эҳтимоли мавжудлигини амалиётда 2009, 2014-15 йилларда кўрганмиз) узун нотўловлар занжирини яратади. Ўзбекистонда автомобиль бозор ташқи кризис омилларига нисбатан жудаям мўрт. Айтайлик, асосий экспорт бозорларида сотувларнинг тўхтаб қолиши ёки пул ўтказмаларининг қисқариши энг аввало айни шу бозорда акс садо беради. Ёки бўлмаса, тўғри бунга ишониш қийинроқ, автомобилларга нисбатан аждарҳо божлардан инсоний божларга ўтилиши ҳам бозордаги таклиф диктовкасини жуда қисқа муддатларда ўзгартириб юборади.
Ва ўзи умуман, риск ҳисобини фоиз ставкаларга боғлаш амалиётидан бошқа кредит маҳсулотларида ҳам воз кечиш ҳақида батафсил ўйлаб кўриш вақти етди.