Уй-жой эмас, автобозордаги пуфак хавотирли
Ўтаётган ҳафтада Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ ошиб бораётгани тўғрисида жуда кўп ёзилди. Ваҳоланки, бу бўйича хавотирлар акс этган шарҳ 2 ой аввал очиқланганди. Регулятор эҳтимолий пуфак ёрилишининг банк тизимига таъсирини юмшатиш йўлида кўрилган чоралар ҳақида аниқ фикрларни баён этди.
Яъни, мавжуд реалликда ва ҳозирги параметрларда пуфак ёрилишидан банклар ёки яшаш учун уй-жой сотиб олганлар деярли хавотирланмасаям бўляди. Лекин спекулятив ё инвестициявий мақсадларда уй-жой бозорига кирганлар (тижорий сегментга) ўзлари кўзлаган рентага ё даромадларга эга бўлмасликлари мумкин.
Лекин айни дамда банклар ва қарздорлар кўпроқ ипотекадан эмас, автокредитлардан кўпроқ хавотирларга тушишлари керак. Ўтган йил декабрдан буён ҳисоблаганда банкларнинг энг кўп молиялаштирган кредит маҳсулоти айнан автокредитлар бўлган. Шу вақтдан бошлаб монополист ишлаб чиқарувчи автомобиллар учун контрактация тўхтаганини эсланг. Яъни амалда банклар қўлдаги автомобилларнинг олди-сотдисини молиялаштирмоқда. Ҳозирги 33,5 трлн.сўмлик автокредит портфелиниинг асосий қисмини иккиламчи автокредитлар ташкил этади. Банкдан ташқари "рассрочка", яъни бўлиб тўлаш шартларидаги "автокредитлар" ҳажмининг ҳисоби ҳеч қаерда йўқ. Қизиқсангиз, мошинбозорларда сотилаётган автоларниинг қанча қисми автокредит ва рассрочкага кетаётганига ўзингиз эътибор қаратишингиз мумкин.
Реал даромадлар ўсишдан тўхтаганда ё ўтказмалар билан боғлиқ трансфертлар оқими сусайганда биринчи навбатда силкиниш иккиламчи бозордаги автомобиллар нархларида акс этади. Ва қуйига қараб тебранишлар бир хонали эмас, икки хонали фоизларда рўй беради.
Марказий банк регулятор ўлароқ буни ҳаммадан теранроқ ва чуқурроқ кўрмоқда ва шунинг учун ҳам автокредитлар бўйича риск даражасини 20 августдан бошлаб жиддий кўтармоқда. Банклар буни истайдими ё йўқми, дастлабки бадал миқдорларинии ошириши ва гаровга нисбатан талабларни қаттиқлаштиришига тўғри келади.
2009 йил ё 2015 йил реалликлари такрорланиши эҳтимоли ҳар қачонгидан юқори.