Автоспекулянтлар шовқин солишда давом этишмоқда, бу шовқинга қўшилманг
Кейинги кунларда гўёки "қора бозор"да қарзга автомобиль олиш кўпайгани урғуланаётган материалларнинг тармоқда роса айлантирилаётганини сезган бўлсангиз керак.
Пропаганданинг энг примитив шаклида ва савол бермайдиган қатламга мўлжалланган матнларда иккита умуман бир бир-бирига боғланмаган манбалар уйқаш кўринишда тақдим этилганки, оддий ўқувчи бу хулосаларни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига оид, деб ўйлаши ҳеч гап эмас.
Эслаб қолинг. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида қанақадир "қора бозор" ва қарзга автомобиль олиш ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Бундай субъектив хулосалар ўзини йирик коммуникация холдингининг бир қисми деб кўрсатган Research Group Central Asia'га тааллуқли. Айтиш керакки, декабрдан буён айлантирилаётган ва феълан пирамида кўринишини олишга ўтган автоспекулянтликни қайтариш урғуланаётган иқтибосларни ўз ичига олган ҳисоботнинг тўлиқ варианти очиқ манбаларда йўқ.
Табиийки, ҳеч ким уларга моҳиятга оид савол бера олмайди, хусусан, нега улар иккиламчи бозорни "қора бозор" деб атаётгани ёки ўша "қора бозор"даги савдолар учун нега ёппасига автокредит ажратилиши кераклиги бўйича.
Маълумот учун 2023 йилда 36,6 трлн.сўмдан кўпроқ қийматда автокредит ажратилган. Бу 2022 йилдагидан 1,9 баробарига, 2021 йилдагидан 4,3 баробарига кўп. Яъни, спекуляция қоидалари асосида ишлай бошлаган иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият яққол молиявий пирамида белгиларига эга бўлиб улгурган. Автомобиль истеъмол товари хусусиятини йўқотиб, олиш ва сотиш ўртасидаги маржага эришиш ва спекулятив даромадга эга бўлиш воситасига айланиб бўлган.
Солиштириш учун, 2023 йилда 16,9 трлн.сўмлик ипотека кредити ажратилган. Ҳеч бир соғлом мамлакатда ипотекадан каррасига кўп автокредит молиялаштирилмайди. Регуяторнинг бу бузуқ, жарга етаклайдиган тенденцияга жим қараб туришининг ўзи жиноят бўларди.
Молиявий саводсизликни ўзини пул топиш манбаига айлантириб олганлар ҳар доим бўлган, яна бўлади. Лекин уларнинг алдов ва ёлғонга асосланган қароқчи бизнесини ҳеч қачон тарғиб қилмаслик керак.