Августнинг қайтиши
Ўтган ёмон замоннинг яна бир белгиси — августда, фақат бир кун, бир неча соатга аждарҳо монополистнинг ликвид автомобиллар учун шартнома очилиши билан боғлиқ тажрибаси муваффақиятли тарзда тўлиқ тикланди.
10 йил аввал автосалонларда ур-тўполон, жанжал-суриш бўлган бўлса, бу сафарги таломон асосан иловада кузатилди. Лекин бугун тонг сахардан автосалонлар ҳам тўлиб тошгани кузатилмоқда.
Кўк, зарғалдоқ ва тилимизда муқоясаси йўқ бўқранглардаги Ласетти ва Кобальт стайл плюслар иловада кеч соат 6лардан ўтиб пайдо бўлган бўлса (бу вақтда автосалонлар ичкаридан ёпилишга улгурганди), уч соатдан кейин мошинлар тугагани учунми ё дарчани ёпишга топшириқ бўлдими, гумдон бўлди.
Оч оломон учун моҳият ва мулоҳаза қобилиятини йўқотгани сингари, 8 ойлик атайин қантарилган автомобиль ишқибозлари (ва спекулянтлар) нега иловада автомобиллар гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолгани, шу пробел оралиғида минглаб навбат қўшилгани, нега монополистнинг анъанавий ва оммабоп оқ, қора ва асфальтранг мошин таклифлари бўлмагани, "ёпилган" автосалонларда "ичкарида" қанча контрактация тузилгани ва тузилаётгани ҳақидаги ноқулай ва ёқимсиз саволларни беришга улгурмади.
Эплаган эплади.
Худди 10 йил аввал бўлгани сингари қарор қабул қилувчиларда бу онгли ва мақсадли равишда ташкиллаштирилган ёввойи вазиятни ўзгартириш бўйича бирон ҳаракатни амалга ошириш истаклари мавжуд эмас. Яъни асраб-авайлаб ўстирилган аждарҳо монополистнинг контрактацияни 8 ойга тўхтатиши бу норма. Ички бозорда дефицит яратиб, худдики босиб олинган мамлакатлар репарация тўлаганидек, қозоқ ва ўрисга автомобиль етказиш бу норма. Миллий ишлаб чиқарувчининг Миллий чайқовчига айланиши норма. Яширин қарорлар билан утилизация йиғими тўламаслик норма. Бож тўламаслик норма (бюджет ямоқ-тешик бўлиб ётса ҳам).
Ҳеч нарса ўзгармаган ва ичкаридан ўзгармайди. Яна ўша ёмон замонда бўлгани сингари бостириб келаётган кризис ва ташқи омиллар бу талотўпга бир муддат сокинликни қайтариши мумкин холос.
Эҳтимол борки, бунга кўп қолмади.