Айбдор болтамас, айбдор кунда
Фарҳоджон тўғри ёзаяпти:
"Автомобиль олиб-сотиш ноқонуний эмас. Автомобильфурушлик ноқонуний эмас. 50та шартнома олса олмайдими, фарқи йўқ. Бозор бу.
Аслида, нафрат ва ғазаб тўполон қилган харидорларга ёки автомобиль олиб-сотарларга эмас, балки шу шароитни келтириб чиқарган монополист ва шу монополистга хайрихох бўлган ҳукуматга қаратилиши керак".
Uzauto motors учун барча очиқ ва яширин имтиёзлар бекор қилиниши керак. Монополист у учун алоҳида преференциялар режимидан маҳрум қилинса, ҳамма қатори бож тўлашни бошласа, утилизация йиғимини тўласа, истаса прейскурант нархларини 30%, истаса 50%га оширсин. Лекин Uzauto motors'дан бошқа барча бозор иштирокчилари монополист қандай шартларда импорт қилаётган бўлса, шундай шартлардан фойдалансин, асосийси, истеъмолчида доим танлов бўлсин. Соғлом одамлар Uzauto motors ёпилсин деб қичқираётгани йўқ, ишласин. Лекин эркин рақобат ва тенг имкониятлар шароитида ишласин.
Кеча барча солиқ ва божларни тўлаб, Chevrolet Monza келтириб сотаётганлар айтаяпти. Монополист Monza импортини, балки "йиғиб сотиш"ни ўз қўлига олмоқчи экан. Табиийки, шунча имтиез билан монополист келтирадиган Monza қимматроққа айланади. Худди Tracker ва Onix билан бўлгани сингари.
Ҳозир ҳамма ютқазиқда. Давлат бюджет харажатлари учун триллионлаб солиқ ундиролмай ҳалак (солиқчилар бизнесни гоҳ ялиниб, гоҳ ихтиёрий мажбурлаб пул ундиришга ўтишган). Буёқда болалар пули, пенсияни молиялаштириш муаммога айланган. 2020-2022 йилда монополист тўламаган утилизация йиғими ҳажми 10 трлн.сўмдан ошганидан кейин ҳисоблашни тўхтатиб қўйгандим. Билмайман, ҳозир бу сумма қанчага етган. Тўланмаган божлар миқдорини ҳеч ким ҳисобламаган ҳали.
Буям майли, шунча хато ва зарарли қарорлардан кейин ҳам яна ўша хатолар ва зараркунандалик давом этаверади. Яна бироз вақтдан кейин бизни электромобиллар билан боғлиқ худди шундай вазият кутади. Чунки ҳаммаси Ягона эркатой ва бирқўлли монополист яратиш томон кетмоқда.
- https://t.me/zambarakning_oqi/4334@zambarakning_oqi