Спекулянт ва коррупционерларни субсидиялашга етиб келганимиз ҳақида
Янги импорт автомобиллар фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилиши бекор қилиниши рамзий бўлсада, бозор томон ташланган қадамлардан бири бўлди. Лекин биз бозор томон шунақа майда қадамлар билан ҳаракатланмоқдамизки, кўпчиликнинг наздида, уларнинг орасида мен ҳам бор, орқага, 2016 йилнинг нарисига қайтаётгандекмиз.
2016 йил андозаси сақланиб қолаётган рудиментлардан бири Uzauto Motors ишлаб чиқарган автомобиллар учун прейскурант нархларни ҳукумат билан келишув асосида белгиланиши ҳисобланади. Содда тилда айтганда, ҳукумат рози бўлмаса, Uzauto Motors нархларни ошира олмайди.
Албатта, тепадан қараганда бу халқпарвар сиёсатдек кўринади. Лекин монополистик бозор ва имтиёзлар билан тўйдирилган муҳитда бу нималарга олиб келмоқда?
Биринчидан, нархлар амалда ошишдан тўхтагани йўқ, қайтанга янада тезлашган. Дефицит бозор ва прейскурант нархлари ўртасида 40%гача фарқларни шаклланиб улгурди. Бу фарқдан ҳеч ким солиқ тўлаётгани йўқ ва ундан ўртамчи спекулянтлар ва уларнинг тизимдаги коррупционер шериклари баҳраманд бўлишмоқда холос. Реалликда биз гарчи режаларимиз эзгу бўлсада, шу тоифани субсидияламоқдамиз.
Иккинчидан, монополист маржасини тушириб юбормаслик учун нарх оширишнинг яширин йўлларини қўллашга ўтмоқда. Эътибор берсангиз, охирги 3 йил ичида ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг позициялари номлари тинимсиз ўзгартирилмоқда. Red, Blue, Style, Comfort... Табиийки нархларида ҳам кимдир сезадиган, кимдир пайқамайдиган ўзгартиришлар билан. Фақат позициялар янгиланганида нархлар ҳеч қачон пасаймайди, фақат ўсиб боради.
Учинчидан, ишлаб чиқариш ҳажми ошириб борилаётгани сайин Uzauto Motors молиявий натижалари яхшиланиш ўрнига ёмонлашиб бормоқда. Чунки монополист ишлаб чиқариш ҳажмидан кўра бозорнинг талаблари тезроқ ўсмоқда, қолаверса рақобат йўқлиги учун монополист харажатларни камайтиришга эмас, кўпайтиришга уринаверади. Натижада бундан ҳеч ким рағбат ва қониқиш олаётгани йўқ. Ҳамма ҳаммани сўккан ва ҳамма ҳаммадан норози.
Uzauto Motors яширин имтиёзлар туфайли тўламаётган солиқ ва божларни яна санаб ўтириш шарт эмас.
Ўша ҳақли савол туғилади? Шаклланган тизимдан ким ютаяпти? Ҳукумат ютқазаяпти. Бюджет мувозанати издан чиққан, монополист тўлаши керак бўлган триллионлаб солиқларнинг ўрнини қоплайдиган манба йўқ. Халқ ютқазапти, танловсиз ва таклифсиз қолган. Ҳатто Uzauto Motors ютқазапти. Фойдаси, рентабеллиги, ҳамкорлари олдидаги жозибадорлиги тобора пасаймоқда? Репутацион йўқотишларни эса ҳеч ким ҳисоблаётгани йўқ.
Нима қилмоқ керак? Албатта, нархларни ошириш керак. Сўкмай туринг.
Эвазига:
Нархларни оширишдан олдин Uzauto Motors'нинг барча имтиёзлари бекор қилиниши керак. Монополист барча солиқ ва божларни истисносиз тўлашга ўтиши зарур.
Ёки бўлмасам, Uzauto Motors'да мавжуд имтиёзлар барчага тааллуқли бўлиши зарур (хусусан, нотариф тартибга солишда ҳам). Жисмоний шахсми, юридик шахсми бож ва утилизация йиғими тўламай, ишлаб чиқарилганига бир йил тўлмаган автомобилларни келтириш имкони бўлсин. Имтиёзлар барчага нисбатан ишлатилса, унинг имтиёзли ва зиёнли хусусияти йўқ бўлади.
Яъни, бизга, Ўзбекистонликларга, у фуқароларми, бизнесми, фарқи йўқ, тенг имкониятлар керак. Шахсан, менинг сўровим шу.
Тенг имкониятлар шароитида Uzauto Motors' нархларини 30%га оширадими, қайсидир арзон моделини ишлаб чиқаришдан оладими ё ишлаб чиқаришни камайтириб, фақат чайқовчиликка ўтадими, менга фарқи йўқ. Фақат танлов бўлсин, эркин танлов бўлсин. Очиқ бозор қоидалари ишласин.
- https://t.me/huquqiyaxborot/14317@huquqiyaxborot
- https://openinfo.uz/ru/reports/20872/openinfo.uz