Рубль қулашдан тўхтайдими?
Соф фундаментал омилларга кўра, йўқ. Чунки Россиянинг ташқи савдо баланси ярим йил якунларига кўра 20,2 млрд доллар профицит билан якунланган холос. Солиштириш учун ўтган йилнинг шу даврида профицит 7,3 баробарига кўп, 147 млрд.долларни ташкил этган. Ўтган 6 ойда экспорт 33%га қисқарган бўлса, импорт 20%га ошган. Ва импортнинг ўсиши тобора тезлашмоқда. Июнь ойида ҳатто ташқи савдо баланси дефицити қайд этилган. Ҳали статистика очиқлангани йўқ, июлда дефицит янада кенгайган бўлиши эҳтимоли юқори.
Иккинчи муаммо бюджет дефицити. Ўтган 6 ойда бюджет даромадлари 11,7%га камайган бўлса, бюджет харажатлари 19,5%га ошган. Нефть ва газ даромадлари деярли 50%га қисқариб кетган.
Шу икки дефицитни мувозанатлаш учун рублнинг қадрсизланиши муҳим аҳамиятга эга. Масалан, июнь ойида курси тушаётган рубль бюджет дефицитини 400 млрд.рублдан кўпроққа қисқартириш имконини берган.
Шунинг учун аксар экспертлар курс ўзгариши ҳаракати диапазонини доллар/рубль нисоби бўйича 100-110гача бориши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Ҳозир Россия ҳукумати учун бюджет ва ташқи савдони мувозанатлаш жуда муҳим. Лекин мувозанат қаерда ва қайси нуқтада шаклланишини прогнозлаш жуда қийин.
Айтиш лозимки, ҳозирча Россия ҳукумати маъмурий аралашувдан тийилиб турипти. Бу масалан, импорт учун божларнинг оширилиши, экспорт тушумлари мажбурий сотувининг тикланиши бўлиши мумкин. Интервенциялар учун захиралар деярли тугаб битган.
Яна Россия Марказий банки агар рубль курсининг пасайиши инфляцияни тезлаштираётгани бўйича хавотирларни жиддий деб ҳисобласа, асосий ставкани кескин кўтариши ҳам мумкин.
Шунда рубль курси йил охиригача узоқ муддатли трендлар доирасига, долларга нисобда 80-90гача қайтиши мумкин бўлади.
Рубль курсининг узоқ муддат пасайишда давом этиши Россия орбитасидан чиқиб кета олмаган сателлит давлатлар валюталари курсига босимни кучайтиришдан ташқари, истеъмол талабини (айниқса узоқ муддатли товарлар ҳисобланган уй-жой ва автомашиналарга) кескин пасайтириб юборади.