Деноминациянинг харажатларни тежашдан бошқа самараси йўқ
Деноминациянинг харажатларни тежашдан бошқа муҳим самараси йўқ. Бу худди айтайлик, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўрнига қисқа қилиб, Табиат вазирлиги деб атаган сингари. Камроқ қоғоз, камроқ сиёҳ, камроқ ёзув ҳисобига харажатлар тежалади (муҳрлардан тортиб табличкалар ва бланкларгача) .
Банклар сўм ва тийинда ҳисоб юритади, баланс тузади, ҳисобот топширади, кредит, депозит, валюта битимлари билан боғлиқ жуда кўп ҳужжатларда рақамлар сўзларда ҳам ифодаланиши керак. Деноминация шу жараёнда вақт ва қоғозни (демакки, ахборот эгалланадлиган жойниям) тежайди. Бу йил масалан, ЯИМ ва бошқа ҳисобларда 15та ноли бор Квадриллионни ишлата бошлаймиз (тилингизни мослаб туринг). 2030 йилгача Квинтиллионгаям етамиз.
Деноминация инфляцияни пасайтирмайдиям, кўпайтирмайдиям. Валюта курсини оширмайдиям, туширмайдиям. Тўғри, айримлар деноминация туфайли кичик қийматдаги товарларнинг юқорига қараб яхлитланишидан чўчийдилар. Масалан, чакана савдода шартли 3200 сўмлик минерал сув шартли янги 40 тийинга айланиб қолиши эҳтимоли бор. Лекин бу жараён кўпроқ нақд пул ҳисоби устувор сегментларда юз беради, ундаям кучли рақобат туфайли тийиб туриш юз беради.
Деноминация яширин иқтисодиётдаги нақдликларни оқартиради деган фикр ҳам янглиш, яширин иқтисодиётдаги эски пуллар янгисига алмашингач, яна яширин иқтисодиётда айланаверади.
Шахсан мен деноминация амалга оширилишига қарши эмасман (ёқловчилар қаторида ҳам эмасман), лекин агар шу масалада қарор қилинса, бу узоқ эмас, қисқа муддатларда амалга оширилиши керак. Ўзи бусиз ҳам ҳозир икки хил намунадаги пулларни ишлатаяпмиз. Турлича намунадаги, икки алифбодаги пул бирликларини ишлатилаётган мамлакатлар яна бормикан?
Мустақил Ўзбекистонимиз тарихида деноминация узоқ 1994 йилнинг ёзида рўй берган. Ўшанда 1000:1 тарзида деноминация амалга оширилган, 1994 йил 1 июлдан 1 сентябрга қадар сўм купонлар ва сўм параллел равишда муомалада ишлатилган.