Давлат банкларидан омонатлар қочишни бошлаган, бу маъмурий аралашув оқибатими?
Май ойи давомида банклардаги жами депозитлар 3,7 трлн.сўмга камайган ва 204,8 трлн.сўмни ташкил этган. Бу май ойи учун одатий бўлмаган картина.
Йил бошидан бери кетма-кет 3 ойлик қисқаришдан кейин апрелда депозитлар ўсишни бошлагандек кўринган эди. Демак, бу жараён қисқа муддатли ўзгариш бўлган холос.
Эътиборлиси, май ойида аҳоли омонатлари ҳам яна камайишни бошлаган (-443 млрд.сўм). Омонатларнинг қисқариши барча давлат банкларига тааллуқли бўлган. Бу ҳолат давлат банкларига омонатлари бўйича фоиз ставкаларини йиллик 20 фоизгача пасайтириш топшириқларини бериш бошлангани билан боғлиқми ё умумиқтисодий оғир вазиятнинг инъикосими, ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон банк тизимига эски даврдаги каби иш юритиш, хусусан банклардаги омонатлар ставкаларини маъмурий йўл билан пасайтириш ҳаракатлари қайтган. Ҳозирча совок феодалларидан қолган ойболта воситаси давлат банкларига қарши ишлатилмоқда.
Бозор конъюнктурасига мувофиқ фоиз ставкаларини белгилашда давом этаётган ва депозит бозорининг асосий ўйинчилари бўлган хусусий банкларда омонатларнинг ўсиши давом этмоқда. Ишқилиб, ўзгача ақл эгаси бўлган ўзбек чиновникларининг кўринмас қўли шу секторгача ҳам етиб келмасин.
Корпоратив секторда эса аҳвол бундан-да мураккаб. Корпоратив депозитлар қолдиғи бешинчи ой кетма-кет қисқармоқда. Май ойидаги қисқариш 3,2 трлн.сўмга, йил бошидан буён қисқариш эса 17,5 трлн.сўмга етган. Катта эҳтимол, давлат назоратидаги йирик депозиторларнинг маблағлари бюджет дефицитини қоплаш учун давлат қимматли қоғозларига фаол жалб этилмоқда. Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар худди давлат сири каби ёпиб қўйилгани учун бу борада фақат тахминлар билан бўлишиш мумкин холос.
Яширин иқтисодиёт кўламининг ошиб бораётгани, адолатсиз солиқ юки тақсимотидан азобланаётган бизнес банк ҳисобварақлари орқали эмас, нақдга ишлашга томон чекинаётгани корпоратив депозитларнинг қисқараетгани омили бўлаётгани ҳақида аввал қайд этган эдик.