Омонатлар нархларига маъмурий аралашувнинг товони долларлашув ва яширин иқтисодиёт
Русчасига айтганда, "мы раньше наступали на эти грабли и вот снова опять".
Амалдорларимиз аввал ҳам чиройли рақамлар учун фоизларни пасайтириш тадбирига қўл уриб кўришган. Лекин натижа доим аянчли якунланган: банк тизимидан омонатлар доллар сотиб олишга, норасмий ва яширин бизнесга кўчиб ўтган. Жуда яхши ҳолатда банклардан чиқариб олинган омонатлар кўчмас мулк бозорига йўналтирилади, яхши-ку дейишга шошилманг. Бунда биринчидан, маблағлар банк тизимини четлаб бозорга киргани учун мультипликация эффекти йўқолади, иккинчидан, уй-жой бозорида нархларнинг қисқа вақт ичида спекулятив кўтарилиб кетиши юз беради.
Албатта регулятор депозит бозори қизиб кетмаслиги учун мувофиқлаштириш чораларини кўриши мумкин. Бу керак ҳам. Лекин мувофиқлаштириш фақат қонун билан белгиланган ва бозорга қарши бўлмаган воситаларни қўллаган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бу мажбурий захиралашми, ўртачалашми ё қисқа муддатли депозитларнинг таклифини кўпайтириш орқалими, вазиятга ва пул-кредит шариотларига қараб чоралар кўрилиши мумкин.
Охирги 7 йилда эришилган энг катта ютуқлардан бири Эркин бозор қоидалари асосида фаолият кўрсатаётган, ўта рақобатли омонат бозори ҳисобланади. Қимматли қоғозлар бозори мавжуд эмаслиги ва ҳали бери муқобил инвестиция воситалари пайдо бўлмаслиги ҳисобга олинса, шаклланган статус кводан воз кечмаслик керак.
Ўтган даврда аҳоли омонатлари камида беш баробарга кўпайиб 6 млрд.долларга етди. Айнан аҳоли омонатлари банклар учун давлат ресурсларидан кейинги муҳим манба бўлиб қолмоқда Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Мувозанат бузиб қўйилмаса, омонатлар ҳажми 10 млрд.долларга ҳам етади. 15 млрд.долларга ҳам.
- https://t.me/the_bakiroo/6461@the_bakiroo