Аёлларга нисбатан қўлланилаётган гибрид дискриминациялар рукнидан
Қиз-аёлларимиз бутун ҳаётлари давомида қатор камситишларга дуч келадилар.
Аёлларимиз турмуш қуриб рўпара бўладиган камситишлардан бири бу декрет пули деган компенсацияни ундиришга таалуқли. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ нафақалар иш берувчи зиммасига юкланганига анча йиллар бўлди (айтишларича бу қарор қабул қилинганида бу иш туғишни чеклаш инструментларидан бири сифатида қаралган, давлат ҳаражатларини қисқартириш эмас).
Бу ҳолат аксар иш берувчиларни янги турмуш қурган ёки фертиль ёшдаги аёлларни ишга қабул қилишдан тийилишга ундайди ва ундаб келмоқда ҳам. Адолат учун айтиш лозимки, иш берувчиларниям тушуниш лозим, нега аёл ходим учун ойлаб, йиллар давомида давлатга ягона ижтимоий тўлов тўлаб туриб ҳам, яна декрет пули ҳаражатларини ўз зиммасига олиши керак улар? Моҳиятан бу давлатнинг бир ижтимоий вазифаси учун иш берувчидан икки марта тўлов ундириш билан баробар.
Мазкур ижтимоий адолатсизлик пировардида бунинг жабрини аёллар кўради. Тенг рақобат шароитида иш берувчилар эркак ходимларни олишга мажбур бўлишади. Мазкур муаммони нега Хотин-қизлар қўмитаси (улар аёллар профсоюзи бўлиши керак аслида) ҳеч қачон кўтармаган, менга тушунарсиз. Балки тушунишмас, балки улар учун алоҳида пиар ечимлар (фалончи тумандаги Оддийбирдеҳқонқизининг декрет пули Хотин-қизлар қўмитасининг аралашуви билан ундириб берилди қабилида) муҳимроқдир.
Декрет пулини ундириш учун ишхонасида сарсон бўлган аёлларни кўргансиз, эшитгансиз. Кўпинча, улар ечим учун ультиматум қўйишга ёки бўлмасам келажак давр санаси билан ўз хоҳиши билан ариза ёзишигача етади вазият. Ҳуқуқбонлар айтиши мумкин, бу муаммо ҳуқуқ платформасида ечилиши керак деб. Буям тўғри, лекин муаммо сунъий яратилган ва у иқтисодий - бюджет қоидалари контекстида ечилиши мантиқлироқ.
Ҳар бир масъул давлат бўлажак фуқароларини дунёга келтираётган ўз аёлларининг хақли нафақасини ўз зиммасига олиши керак. Фикри ожизимча.
Каналга қўшилинг:
@the_bakiroo