Ҳозир ҳаммага қийин
Ҳозир ҳаммага қийин. Кимдир меҳнат таътилига, кимдир ўз ҳисобидан таътилга юборилган, кимдир масофавий ишлашга ўтган, кимдир эса ишсиз, даромадсиз қолган. Йўғон чўзилаяпти, ингичка эса ҳозирча узилгани йўқ.
Мен рости билмайман ким кўпроқ жабр чекаётганини. Исталган рўйхат ва ранжировка субъектив бўлади.
Лекин мен биламан бу оғир кунларда ким умуман эсланмаётганини, ким ҳақида қайғурилмаётганини. Булар хусусий мактаб ва хусусий боғчаларда ишлаб келаётган оддий ўқитувчи ва тарбиячилардир.
Кимдир айтиши мумкин, хусусий мактаб ва боғчаларда аҳволни кўпиртирманг деб. Лекин ҳозир гап хусусий мактаб ва боғчаларнинг эгалари ҳақида эмас, ёлланма ишчилари ҳақида кетаяпти.
Давлат мактаб ва боғчаларида иш ҳақи бироз камроқдур, лекин бу кафолатланган, меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланган.
Хусусий мактаб ва боғчаларда-чи? Ҳаммаси ота-оналарнинг моддий шароити ва тўлов қобилиятига боғлиқ. Тўртинчи ҳафта кетмоқдаки, иқтисодиёт таътилда. Хусусий мактаб ва боғчаларга тўловлар буткул тўхтаган. Тўлов йўқми, демак ўқитувчи ва тарбиячиларга маош ҳам йўқ. Демакки, бу кризис занжирининг охирида барча оғирлик ўқитувчи ва тарбиячилар зиммасига тушаяпти.
Янги замонда ярқ этиб кўринган, фарқланган соҳалардан бири бу хусусий мактаб ва хусусий боғчалардир. Лекин бу ўхшаши йўқ кризис ҳаммасини йўққа чиқариши мумкин. Коронавирусдан кейин хусусий мактаб ва боғчалар қоладими? Уларнинг ўқитувчи ва тарбиячилари аҳволи не кечади? Бу ҳақда ҳозир бир нима дейиш қийин.
Лекин шу ўринда ҳукуматимизнинг прогрессив вазирларидан бўлган жаноб Шерзод Шерматов ва Агрепина Шин хонимларга мурожаат қилмоқчиман:
Бу оғир дамларда хусусий мактаб ва боғчалар ўқитувчилари ва тарбиячиларини ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Билмадим, уларга қандай ёрдам бериш мумкин. Сизларда ресурслар, имкониятлар бор.
Балки бутун дунёда қилинаётгани каби, нодавлат мактаб ва боғчаларга ўз ходимларига маош тўлаш учун фоизсиз иш ҳақи кредитлари берилар. Балки вазирликлар фондлари ҳисобидан ўқув йили охиригача компенсациялар тўланар (кейинчалик иш берувчидан ундириб олиш шартларида). Лекин нимадир қилиш керак. Акс ҳолда илғор, тажрибали педагогларнинг кўнгли ва қўли совийди, энди тикланаётган мактаб ва мактабгача таълим қадриятлари ер билан битта бўлади.
@the_bakiroo