27K147Telegramda ochish
Ҳурматли Элтуз! Бугун каналингизда эълон қилинган пост бўйича қуйидагиларни иложи борича қисқа ва лўнда тарзда қайд этишни лозим деб топдим. Биринчидан, сиз ва манбаларингиз эътибор қаратган ғалла нархи эркинлашиши, афсуски, жуда кечикиб амалга оширилди. Ғалла нархини эркинлаштириш кечикаётгани, ҳукумат ўз ҳаракатларида узвий ва тезроқ ҳаракат қилмаётгани тўғрисида 2019 йилдан буён бонг уриб келинган. Шу маънода ҳозир нимадан афсусдасан дейишса, ғалла нархини эркинлаштириш масаласи тўғрисида янада кўпроқ ёзмаганимдан афсусдаман. Худди шунингдек, тобора кечикаётган ва ярим чала қолаётган энергетика, транспорт, сув тарифларини эркинлаштириш ва бозорга ўтиш тўғрисида аслида кўпроқ ёзиш кераклигини англамоқдаман. Иккинчидан, сиз ва сизнинг манбаларингизда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровдан гўеки "қалам ҳақи" олганим бўйича факт ва далилларингиз бўлса, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга шу бугуннинг ўзидаёқ мурожаат қилишингизни сўрайман. Қонун талаби шундай. Ёки ўзини ҳурмат қиладиган нашр ўлароқ куракда турмайдиган ҳақорат ва туҳматдан иборат мазкур иддаога раддия беринг. Учинчидан, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг гўёки "лобби-блогери" "эканим"дан ростдан ҳайратдаман. Мамаризо Бердимурадович билан умримда кўришиб гаплашмаганман. Агар шундай имконият бўлганида, масалан, каттароқ интервью олган бўлардим. Чунки ҳурматли ва банк тизимидаги ислоҳотлар мундарижасига жавобгар ушбу шахсга оғир саволларим жуда кўп. Айниқса, охирги йилларда мен учун ортга қайтишдек кўринаётган ҳаракатлар ва қарорлар борасида. Ва ниҳоят, тўртинчидан, постингизда номлари келтирилган расмийлар раҳбарлигидаги муассасаларнинг ҳам сизга айтар сўзлари бўлиши керак, деб ўйлайман. Отабек Бакиров

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin