Қўлдан қўлга ўтаётган Humo'нинг молиявий натижалари очиқланиши керак
Айтишларича, Humo тўлов тизими оператори бўлган “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖни Марказий банкдан Давактив назоратига ўтказиш жараёни бошланган.
Орттирган ёмон тажрибамизга кўра қўлдан-қўлга ўтган давлат активларининг аҳволи ёмонлашса ёмонлашадики, асло яхшилашмайди. Қарзлари каррасига кўпаяди, харажатлари ошади. Атрофида сўрувчи паразит пашша ва воситачилардан иборат бузуқ экосистема яратилади. Табиийки, молиявий аҳволи кескин ёмонлашади.
Эртага, Humo'нинг тарифлари кескин оширилиб, хусусан, банкоматлар тизимида янги ўртамчилар қўшилиб, товони банкларга ва мижозларга юкланишни бошласа ҳам ҳайрон бўлмайман.
Шу маънода, Humo давактив исканжасига тушишидан олдин, унинг оператори “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖнинг 2023 йил 1 декабрга молиявий ҳисоботи тўлиқ очилиши керак. Шундагина биз кейин нималар бўлгани ва бўлишини солиштириш имкониятига эга бўламиз (келаси йилда Humo оператори барибир АЖга айлантирилади ва молиявий ахборотлари ва муҳим фактларини ошкор қилишга мажбур бўлади).