26K58Telegramda ochish
Эслатиш учун эслаб қоламиз Давактив “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ (“Humo”)даги давлат улушининг Марказий банкдан агентликка ўтказилишини хусусийлаштириш билан эмас, балки амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиши билан боғлиқлигини маълум қилмоқда. Асос ўлароқ, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмаслиги важи келтирилган. Маълумот учун, Марказий банк 5 йил давомида Humo'га эгалик қилди, ўзи Марказий банк тўғрисидаги қонунга кўра ҳам бундай эгалик чекланган эди (қонун бор экан, нега Humo ўтган йили ё аввалги йили олиб қўйилмади? Соққа келтиришни бошлаши кутилдими?) Уям майли. Икки ой аввал, шу ишнинг тескариси юз берган. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” давлат унитар корхонаси “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖга ўзгартириб, унинг устав капиталидаги давлат акциялари пакетини Марказий банкка ўтказиб берилган эди. Бу Марказий банк тўғрисидаги қонун ва умуман Марказий банк фаолиятининг моҳиятига, вазифаларига зид, камида хос бўлмаган функция экани инобатга олинмаган ҳатто. Майли, ўзбек чиновниклари нима иш қилсаям "шариатга" мос тушаверади. Лекин Humo эгалиги айтайлик, давлат банкларининг эгаси ҳисобланган ва тўлов бозори профилига яқинроқ бўлган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки ФРРУ назоратига ўтказилмагани қизиқ. Яна қизиқ, Humo'нинг капиталдаги улуши Давактивга текинга ўтказиладими ё ҳеч бўлмаса номинал нархида тўлов амалга ошириладими? Марказий банк Humo учун охирги 5 йилда сарфлаган миллиардларига куйиб қолаверадими? Дарвоқе, Давактив бир муддат ўтиб Humo'ни хусусийлаштириш мавзусига қайтиб қолса, бугунги баёнотини эслатиб қўямиз. Лекин айтаверадиган ва қайтаверадиганлар учун эслатма кор қилармикан?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin