Марказий банк валюта бозори ва валюта курси омилларини яна эсламади
Асосий ставкани ўзгаришсиз, 14 фоиз даражасида сақлаб қолган Марказий банк бошқаруви ноаниқликлар сақланиб қолаётганига урғу бермоқда. Регулятор шунингдек, чақириқлари ким учун аталганини кўрсатмаган бўлсада, бюджет тақчиллигини қисқаришидан ҳалиям умидини узмаган. Нархлар барқарорлигига эришиш учун иқтисодиётга бозор тамойилларини қўллаш кўламининг кенгайиши кераклигини такрорлашдан чарчамаяпти.
Лекин Марказий банк валюта бозори ва валюта курси ўзгаришлари бўйича ҳеч қандай янги ишора бераётгани йўқ. Ва бундай ёндашув охирги иккита йиғилишдан буён давом этмоқда.
Валюта бозори бўйича ишоралар августдан бери янгилангани йўқ. Ўшанда Марказий банкнинг баёноти "Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади" деган тезисларга асосланган эди.