Қайси амалдорлар даромад ва мулкларини декларациялаши керак?
Кўпчилик амалдорларнинг даромад ва мулкларини декларациялаш бўйича норматив ҳужжат йўқ, деб ўйлайди. Ҳужжат бор. Имзоланганига яқинда 3 йил бўлади. Анча мунча эмас, нақ Президент фармони.
Демак, Президент фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ишга тушиши керак эди.
Шунингдек, давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлиши белгиланган. Бошқача айтганда, декларация топширмаган ўзбек амалдорлари аллақачон ёппасига жавобгарликка тортилиши керак.
Эътибор беринг, декларацияланиши керак бўлган рўйхатда чиновникларнинг вояга етган фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, бобо-бувалари, қайната-қайноналари, келин ва куёвлари чиқариб ташланган.
Ҳаттоки нормал дунёдаги каби харажатлар ҳам декларацияланмайди (ноқонунний даромад ортираётган чиновниклар айнан бебилиска харажат қилаётганида қўлга тушади).
Ҳаттоки шу чеканкаланган, ўзларига қулай қилиб мослаштирилган қоидалар ҳам ишламаяпти.
Дарвоқе, амалдорларнинг даромад ва мулкларини декларациялаш бўйича ҳар йили халқаро ташкилотларга ваъда беришади. Ош ва тўнга ўргатилган халқаро ташкилотлар эса ишонаверишади.
P.S. Ҳурматли, Кристалина хоним, келаси сафар Ўзбекистонга ош егани келганда, ўзбек ҳамкасбларингиз ваъда қилган мана бу келишувларни бир ёдга оларсиз.