SWIFT аналоги бўлган Россиянинг СПФС тизими санкцияларга тортилиши мумкин
Европа иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 14- пакетини тайёрлашни бошлаган. Эътиборлиси, бу сафарги санкциялар тўлқинига Россиянинг молиявий ахборотлар алмашинув тизими СПФС ҳам рўпара келиши мумкин. Украинага бостириб кирган Россиянинг қатор йирик банклари SWIFT тизимидан узила бошлагач, СПФС тармоғи улар учун ягона муқобил имкониятга айланганди (Ўзбекистоннинг айрим банклари ҳам ушбу тармоққа уланган).
Шунингдек, Евроиттифоқ Россиядан гелий, камёб металлар ва сиқилган газ импортини ҳам тақиқламоқчи. 25% улуши россия илдизларига эга транспорт компанияларининг Европа иттифоқи ҳудудида ишлашига ҳам чекловлар қўйилиш режалаштирилган. Айрим манбаларга кўра, Беларусга қарши санкцияларнинг кенгайтирилиши мўлжалланмоқда.
Санкцияларнинг қамрови сиёсий партиялар ва таҳлилий марказларга Россиядан молиялаштириш олишни тақиқлаш чоралари ҳисобига кенгайиши мумкин.