Олтин, мисдан тортиб энергетикагача йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши кескин қисқарган
Фуқаролар учун бюджет ҳисоботининг 2023 йил ижроси эълон қилинди.
Кўзга яққол ташланадиган жиҳат, бюджет даромадлари ўсишининг сезиларли даражада секинлашгани. 2023 йилда бюджет даромадлари 14,8%га ўсган холос. Солиштириш учун 2022 йилда даромадлар 22,4%га ўсган эди.
Яна эътиборга тушадиган ҳолат оддий халқ ва бизнес тўлаётган солиқ тушумларида ўсиш юқори даражада қолган. Масалан, ер солиғидан тушумлар 29,9%га, мол мулк солиғидан тушумлар 27,0%га, жисмоний шахслардан даромад солиғидан тушумлар 23,25га ошган.
Ўзбекистонни тобора ёпилиб бораётганини, протекционизм авжига чиқаётганини божхона божларидан тушумлар 67,2%га ошганидан ҳам кўриш мумкин (аждарҳо божларнинг охирги тўловчиси, биз ўзбекистонликлар).
Хўш унда бюджет даромадлари нега ўсмаяпти. муаммо нимада деб ўйларсиз?
Муаммо хусусан, йирик солиқ тўловчиларда. Солиқ тушумларида уларнинг улуши кескин қисқарган.
Олтин нархлари осмонга ўрлаганига қарамай, энг йирик солиқ тўловчи НКМКнинг улуши 0,41%га пасайган. Миснинг юқори нархларига қарамай ОТМКнинг улуши 2,38%га пасайган.
Энергетикада аҳвол тубга қараб кетаётганини тушумлар улушидан қараб ҳам билиш мумкин. Ўзбекнефтегаз улуши 0,22%га, Ўзтрансгаз улуши 0,92%га, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи улуши 0,16%га, Uz-Kor Gas Chemical улуши 0,25%га қулаган.
Йирик солиқ тўловчилар қаторида энергетикадаги активлар ва конларни текинга эгаллаб олган биронта олигарх, чўнтаклар, миллиардлаб долларлик шиширилган лойиҳаларни ўзлаштираётган биронта пудрат қироли номини кўрмайсиз. Ахир олигархлар солиқ тўламайди, улар қайтанга халқ тўлаб тўлдираётган бюджетни ўзлаштиришади.
Хуллас даромадлар мундарижасидаги тенденциялар Ўзбекистон иқтисодиёти қандай касал билан оғриётганини яққол кўрсатади.